ТАЛАБАЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ИМКОНИЯТ

21

Таълимнинг ўзбек моделига хос хусусиятларидан бири – инсонни интеллектуал, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан боғлиқ бўлган узлуксиз таълим тизими орқали маънавий баркамол шахсни тарбиялашни назарда тутади.

Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимини ҳам тубдан ислоҳ этишга қаратилган «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун талабларига мувофиқ, кадрларнинг янги авлодини шакллантиришга йўналтирилган «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» тасдиқланди.

Ушбу дастурда белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш, ёшларнинг билим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлда қабул қилинган «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарорига биноан «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги Низом» ишлаб чиқилди.

Маълумки, тижорат банклари кредит сиёсатида мамлакатимиз эртанги кунининг эгалари бўлган ёшларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг етук, билимли ва баркамол бўлиши учун кредитлар орқали кўмаклашиш устувор вазифа этиб белгилаб қўйилган. Буни сўнгги йилларда талаба-ёшлар учун ажратилаётган таълим кредитлари миқдори ўсиб бораётгани ҳам тасдиқлаб турибди.

«Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги Низом» талаблари асосида олий таълим муассасаларига шартнома асосида ўқишга қабул қилинган 703 нафар талабага I-ярим йиллик ўқиши учун тижорат банклари томонидан 1,984 млрд. сўм миқдорида таълим кредитлари ажратилди.

– Жорий йилда Тошкент фармацевтика институтига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиндим, – дейди сўхлик Оятилло Шералиев. – “Агробанк”нинг Сўх туман филиалидан ўқишимнинг биринчи ярим йиллиги учун 3325000 сўм таълим кредити расмийлаштириб, олдим. Ўқишни битиргунимга қадар мазкур банк шартномага асосан ўқишим учун кредит ажратиб туради. Тўрт йил бакавриат давомида мен мазкур кредитнинг фақатгина фоизини қайтараман. Яъни ҳар ой ўттиз минг сўмдан тўлаб бораман. Кредитнинг тан нархини эса ўқишни битирганимдан сўнг, ойлик маошимдан тўлайман. Бундай шароитнинг яратилганлиги оиламиз учун анча қул келди.

Тижорат банклари томонидан таълим кредитлари олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга эса 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабалар, уларнинг ота-онаси ёки васийлари бундай имкониятдан фойдаланиши мумкин.

Тижорат банклари қарз олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини 10 иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва кредит шартномасини имзолаши ёки кредит берилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ёзма хулоса бериши лозим.

Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай ўтказилади.

Ҳукуматимиз томонидан ушбу таълим кредити амалиётга кенг татбиқ этилиши ёшларнинг олий ўқув юртларида таълим олишга бўлган иштиёқининг ошишига, айниқса, боқувчисини йўқотган чин етимларни ва «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларни ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларини, шунингдек, кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш ва уларнинг ота-оналарини ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга кенг замин яратди.

Республикамизда таълим кредитлари чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига ноль фоиз ставкасида (фоизсиз кредит), талабаларнинг қолган тоифаларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкаларида ажратилади.

Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади.

Таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим муассасасига ўтказилган сумма берилган вақтдан, асосий қарзни қайтариш эса талаба томонидан олий таълим муассасасида таълимнинг ушбу тури учун расмий белгиланган муддати тугаллангaндан сўнг, айрим курсларда такроран ўқиш муддати ҳисобга олинмасдан, уч ой ўтгандан сўнг бошланади.

Талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган даврда таълим кредитлари учун фоиз ставкалари ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ, фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммалари даромад солиғига тортилмаслиги белгилаб қўйилди.

Таълим кредити билан боғлиқ бу қулай шартлар ва белгиланган имтиёзлар эса, ўз навбатида, республикамизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, олий маълумот олаётган фуқаролар ҳукуматимиз томонидан алоҳида қўллаб-қувватланишидан далолат беради.

You must be logged in to post a comment Login