СЎХ ТУМАНИ: ТАЪЛИМДАГИ ТУБ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

44

Президент Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарларида: «Барчамизга аёнки, инсон қалбига йўл аввало таълим-тарбиядан бошланади. Қачонки бу ҳақда гап кетса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросини эслаш билан бирга, ота-оналаримиз каби буюк зот – ўқитувчи ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатини ҳурмат билан тилга оламиз.

Бу юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда ана шу машаққатли касб эгаларига суянамиз ва таянамиз, эртага ўрнимизга келадиган ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантиришда уларнинг хизмати нақадар беқиёс эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз», деб таъкидлаганлар.

Юқоридаги илиқ фикрлар давлатимиз раҳбарининг биз зиёлиларга бўлган катта ҳурмат ва ишончини англатибгина қолмай, барчамизга юксак масъулият ҳам юклайди.

Истиқлол йилларида амалга оширилган барча йўналишдаги ислоҳотлар қатори таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб камолга етказишда муҳим босқич бўлди.

Бизнинг Сўх туманимизда 26 та умумтаълим мактаби, 3 та ихтисослашган  мактаб, 22 та мактабгача таълим муассасалари, 2 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 1 та баркамол авлод маркази мавжуд бўлиб, уларда 11320 нафар ўқувчилар илм-фаннинг сир-асрорларини пухта эгалламоқдалар. Бунда 915 нафар ўқитувчи-мураббийларнинг ҳиссалари беқиёс.

Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли муассасаларига ҳар сафар борганимда, у ердаги жонкуяр устозлар, тарбиячилар билан фикр алмашаман. Улар билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида, ўзликни англаш, бирламчи фазилатларни асраш нақадар муҳим эканлигини ҳис қилиш қийин эмас. Шу фазилатларгина жамоада маънавий муҳитни соғломлаштириб, ўзаро талабчанликни, ишда жонкуярликни кучайтиради. Ходимларда бир-бирига ҳурмат, бир-биридан ўрнак олиш, яхши хислатларни ўзлаштириш, тиниб-тинчимаслик каби юксак маънавий фазилатлар мужассам.

Бугун таълим ўз олдига «уйғотиш» механизмини долзарб вазифа қилиб қўйди. Янги билимларни эгаллаш, уларни кенгайтириш, чуқурлаштириш, ҳаётга татбиқ этиш иштиёқини шакллантириш лозим. Ана шу иштиёқ бугун ҳар биримизнинг қалбимизда, виждонимизда уйғониши керак. Оллоҳга минг шукур-ки, бугун таълим – маънавият ва маърифатнинг бошқа соҳалари каби қаддини кўтарди. Мактабларимиз замон талаблари андозасида таъмирланиб, янги маърифат масканлари қурилмоқда. Бугун ўқувчиларимиз янги ўқув-лаборатория ускуналаридан, замонавий компьютер техникаларидан фойдаланиш имкониятига эгалар. Ҳақиқатан ҳам бугун ўқийдиган, ўқитадиган кун келди. Қайси мамлакатда мактабу лицейлар, коллежлар беминнат хизмат қилади, болаларни ўн саккиз ёшгача бепул ўқитиб, касб-ҳунарли қилади? Шунақа эртакнамо юрт борми?

Туманимизда соҳамизга тегишли қўлга киритилган ютуқлар, амалга оширилган ишларга қисқача назар ташлайлик:

“Замонавий мактаб директори” кўрик-танлови вилоят босқичида 22-сонли мактаб директори Абдулложон Очилдиев ва 9-сонли мактаб директори Қосимов Назиржонлар фаол иштирок этдилар. “Энг обод таълим муассаса” кўрик-танловида 11-сонли умумтаълим мактаби ва 5-сонли мактабгача таълим муассасаси ғолиб деб топилди. 80 дан зиёд методик тавсиясилар ишлаб чиқилди.

1160 нафар кам таъминланган оилалар фарзанлари қишки, 436 нафар  сортчи  қизлар спорт кийими билан таъминланди. Таълим муассасаларига  80 миллион сўмлик спорт инвентарлари олиб келинди. 26-сонли умумтаълим мактабига спорт зали қурилди. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини жорий ва капитал таъмирлаш учун 500 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Кўплаб умумтаълим мактабларимиз кимё-биология жиҳозлари, замонавий компьютерлар, ноутбуклар, хорижий тиллар хоналари замонавий DVD-плеер билан таъминланди, лингофон хоналари ташкил этилди.

Туманда ташкил этилган соғломлаштириш марказларида 1100 нафар, Қўқон шаҳри ҳамда Фарғона туманида ташкил этилган  оромгоҳда 184 нафар ўқувчилар маданий ҳордиқ чиқаришди.

Қувонарлиси, Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда туманимизда Мусиқа ва санъат мактаби қурилди. Мазкур қурилиш ишларига жами 2 млрд 500 млн сўм маблағ сарфланди.

Ўтган йили 96 нафар ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлсалар, жорий йилда 110 нафар ўқувчи талабалик бахтига муяссар бўлди.

Бу, албатта, Президентимиз раҳнамоликларида таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг самарасидир.

You must be logged in to post a comment Login