ВАТАН ИСТИҚБОЛИ — ЁШЛАР ҚЎЛИДА

SHQ_0163

Бугун мактаб партасида оддийгина ўқувчи бўлиб ўтирган болакай вақт келиб фан, спорт бўйича жаҳон олимпиадаси, халқаро мусобақалар ғолиби бўлар. Дарсларда бироз хаёл суриб ўтирадиган йигитча улғайиб, Алишер Навоийнинг пурмаъно байтларини изоҳлаб берар ёки Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби зўр шеърлар ёзар. Айни  пайтда улкан бинолар ёнидан ўтаётганда ҳайратланиб қоладиган ўғлон бир кун келиб осмонўпар бинолар бунёд этар.

Бу фикрлар шунчаки хаёл эмас, эртага рўёбга чиқиши муқаррар бўлган воқеалардир. Ватан келажаги, дунё тараққиёти ёшлар қўлида деганда айни мана шу воқеалар кўз ўнгимизга келади.

Фарғона вилоятида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 271 минг ёш спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. 54 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида минглаб ёшлар спортнинг қирқдан зиёд турига жалб этилган.

Президентимиз раҳнамолигида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган шароит ва имкониятлар ана шу олижаноб мақсадга хизмат қилаётир.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг “Нефтчи” спорт мажмуаси доимо ёшлар, спорт ихлосмандлари ва ота-оналар билан гавжум. Ўтган йили капитал таъмирдан чиқарилган мазкур мажмуа жаҳон андозаларига тўла жавоб беради. Айни пайтда бу ерда 400 нафар ўғил-қиз спортнинг етти тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

Мажмуадаги еттита сув ҳавзасида йил давомида узлуксиз машғулотлар ўтказилади. Сув ҳароратини бир меъёрда сақловчи замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳавзаларда ёшлар учун барча шароит яратилган.

– Сузиш билан мунтазам шуғулланган бола ҳар томонлама соғлом улғаяди, – дейди сузиш бўйича мураббия Малика Абдуқодирова. – Бу ерга келган болаларнинг аксарияти дастлаб анча нимжон бўлади. Ўтказилган машғулотлар тезда ўз самарасини бериб, соғлом ва бақувват болага айланади. Энг муҳими, саломатлиги мустаҳкамланади. Сколиоз, астма, остеохондроз, суяк-бўғим тизимидаги бирламчи хасталиклар ривожланишининг олдини олиш ва бутунлай бартараф этишда сузиш машғулотлари ғоят яхши самара беради. Бугунги кунда 28 нафар ёш спортчига сузиш сирларини ўргатяпман.

Синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони Ленора Кан ҳам ўз вақтида шу мажмуада шуғулланган. Ҳозир шу ерда 30 дан зиёд қизларга устозлик қилмоқда. Унинг айтишича, яқин йилларда шогирдлари орасидан юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишга қодир кўплаб спортчилар етишиб чиқади.

“Нефтчи” спорт мажмуасида спортга илк қадам қўйган Маҳмуджон Шарипов бугун волейбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Каратэ бўйича мамлакат чемпиони Мўйдин Собиров, бокс бўйича спорт устаси Илҳом Ҳакимбеков ҳам спортдаги муваффақиятларини шу ердан бошлаган.

Соғлом бола йилида бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, аҳоли, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида маҳаллалар, таълим масканлари билан ҳамкорликда бир қатор спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Бу эса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни оммавий спортга, жумладан, сув спортига кенг жалб қилиш ва саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

You must be logged in to post a comment Login