Жаҳон банкининг кредити нималарга сарф этилмоқда?

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида банк-молия тизими ҳам барқарор ривожланмоқда. Яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Аҳолининг тижорат банкларидан кредит олиш имконияти тобора кенгайиб, кредитлардан унумли фойдаланаётган тадбиркорлик субъектлари кўпайиб бораётгани ҳам буни тасдиқлайди.

Кредит – икки томоннинг ҳам манфаатига хизмат қилади ва шу боис уни тақдим этиш ва кредитлардан фойдаланиш муносабатлари дунё миқёсида кенг оммалашган. Изчил ислоҳотлар самарасида юртимиздаги банк ва бошқа кредит  ташкилотларининг кредит портфели йилдан-йилга ўсиб бораётир. Кредит бозорининг ривожланиши баробарида кредитлаш жараёни инфраструктурасини такомиллаштиришнинг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. Халқаро тажрибада кредитлаш жараёни инфраструктурасини ривожлантириш кредит муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда қишлоқ аҳолисининг фаровонлигини янада ошириш, фермерликни ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг муҳим манбаларидан бири бўлган боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор  қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 9 январда қабул қилинган “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, янги боғлар яратиш, мавжудларини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон барча меваларнинг серҳосил, хуштаъм ва юқори сифатли навларини яратиш ва парвариш қилиш бўйича бой тарих ва катта тажрибага эга. Бу халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилган. Боғбонларимиз етиштираётган сархил мевалар юқори сифати билан нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам юксак қадрланади.   Шунинг учун мамлакатимизда соҳани янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш,  қайта ишлашни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 14 февралида қабул қилинган “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. 2-босқич” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ҳам интенсив боғдорчилик, сабзавотчилик ва узумчиликнинг илғор технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва узоқ муддат сақлаш ускуналари  билан таъминлаш, энергия самарадорлиги юқори иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда таъкидланишича, 2012 йилнинг 11 сентябрида Жаҳон банки Директорлар кенгаши Ўзбекистон Республикасига мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. 2-босқич” лойиҳаси доирасида “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиялаштириш” таркибий қисмини молиялаштириш мақсадида 25 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 40 миллион доллар эквивалентидаги қўшимча маблағ тақдим этди. 2013 йилнинг 29 январида Жаҳон банки Директорлар кенгаши Ўзбекистон Республикасига Глобал экология фонди траст жамғармасининг мазкур лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларини жорий этишга йўналтириладиган 12,699 миллион доллар миқдоридаги грант маблағларини маъқуллади.

“Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. 2-босқич” лойиҳасини амалга ошириш доирасида  имтиёзли кредитлар хорижий валюта (АҚШ доллари) ва миллий валютада Халқ банк, Қишлоқ қурилиш банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Турон банк, Хамкорбанк, Ипак йўли банк ва Ипотека банк филиаллари орқали Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Андижон ва Фарғона вилоятларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун ажратилади.

Кредит/лизинг берилишининг умумий талаблари қуйидагича:

Кредит/лизингнинг бир мижоз учун миқдори:

– Инвестицион лойиҳалар учун 500 минг АҚШ доллари қийматидан ошмаган ҳолда сўм ёки АҚШ долларида;

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақлаш (музлатгич ва омборлар) учун 1,0 миллион АҚШ долларидан ошмаган ҳолда сўм ёки АҚШ долларида;

– Қисқа муддатли айланма маблағлар учун 50 минг АҚШ доллари қийматидан ошмаган ҳолда сўм ёки АҚШ долларида.

Кредит/лизинг муддати:

Узоқ муддатли – 10 йилгача (имтиёзли давр муддати 3 йилгача);

Қисқа муддатли айланма маблағлар учун –18 ойгача (имтиёзли давр муддати 9 ойгача);

Кредит/лизинг фоиз устамаси:

– АҚШ доллари ҳисобидаги кредитлар: 5,5 фоизгача;

– Ўзбекистон сўми ҳисобидаги кредитлар: 10 фоизгача.

Кредитни қайтариш шартлари:

АҚШ долларидаги кредитлар Ўзбекистон миллий валютаси сўмда Марказий Банкнинг расмий курсига мувофиқ қайтарилади

Мижознинг кредит олишдаги ҳиссаси:

– Кредит умумий қийматининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорда.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор ижроси мамлакатимизда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, интенсив боғдорчилик, сабзавотчилик ва узумчиликнинг илғор технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва узоқ муддат сақлаш ускуналари  билан таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Энг асосийси, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, пировардида оилалар фаровонлигини юксалтириш имконини беради.

You must be logged in to post a comment Login