ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ШАКЛЛАНИШИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Мамлакатимизда ахборот соҳаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг эркинлиги ва очиқлигини, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида қатор ҳуқуқий асос ва механизмлар яратилмоқда. 

Хусусан, ахборот  соҳасини  демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, медиа-маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Фуқаролар учун ахборот эркинлиги ва очиқлигини таъминлашда кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, мамлакатимизда 1300 дан ортиқ босма ва электрон оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. 930 та интернет тармоғига уланиш бўйича хизмат кўрсатувчи оператор ва провайдерлар, 1045 та интернет-кафе аҳоли хизматида. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 98 фоизи интернет глобал тармоғида ўз веб-сайтига эга, 197 та Интерактив давлат хизматлари, рўйхатга олинган жами ресурслар сони 7648 тани ташкил этмоқда. Ушбу ҳуқуқий-технологик шароитлар мамлакатимиз ёшларининг дунёқараши, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Миллий тараққиётимизнинг бугунги босқичида давлат бошқарувини янада демократлаштириш,  олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликнинг, айниқса, сиёсий партиялар ва  фуқаролик институтларининг бошқа вакилларини ахборотга эгалигини ошириш, бевосита, давлат қурилиши ва ахборот соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш долзарб вазифалардан. Хусусан, Конституциямиздаги давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар олдида  масъуллиги (2-модда), давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар  фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги нормаларини (30-модда) янада кенгроқ рўёбга чиқаришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ислоҳотларнинг бугунги босқичида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Президентимиз Ислом Каримов «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиш таклифини билдириб, «қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатини янада ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтиради», дея таъкидладилар.

Ушбу Қонун лойиҳаси 2012 йилда ишлаб чиқилиб, барча вилоятларда жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди.

Жорий йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган ва 5 май куни матбуотда эълон қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги” Қонун ҳам демократик ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб бергани билан аҳамиятлидир.

Қонуннинг 5-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот”, деб номланади. Унинг 12-хатбошисида “бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар” ни олиш имкони ҳам мавжудлиги белгилаб қўйилган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда давлат органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари яққол кўрсатиб берилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари, мазкур давлат органлари раҳбарларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари,  давлат  органлари ахборот хизматларининг хабарлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларининг материаллари, оммавий ахборот воситаларининг материаллари каби нормада белгиланган манбаларнинг аниқ санаб ўтилиши ахборотдан фойдаланувчиларга нафақат зарур бўлган ахборотдан эркин фойдаланишга имкон беради, балки уларни ишончли ва тезкор ахборот билан таъминлашга ҳамда ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш  бўйича объектив имкониятни яратишга кенг шароитлар очиб беради.

Ушбу Қонуннинг асосий мақсади давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Қонунда алоҳида эътибор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларига қаратилган бўлиб, унда ахборот давлат тилида жойлаштирилиши кераклиги, шу билан бирга, расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкинлиги баён этилган.

Шунингдек, қонунда ахборотдан фойдаланувчи ва унинг ҳуқуқлари ҳақида маълумот берилиб, уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш, ахборотни олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш ёки ахборот олишни рад қилиш каби ҳуқуқлар кўрсатилган.

Қонун қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлмасдан, жойларда мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамиятини тушунтириш бўйича кенг қамровли тарғибот тадбирлари ва учрашувлари ташкил этилмоқда. Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам давлат бошқаруви органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларида семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, бу каби тадбирларда Қонуннинг асосий талаблари, уни амалиётга татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни кучайтириш ва бу борада хорижий давлатларнинг илғор қонунчилик тажрибаси асосида миллий қонунчилигимизни янада ривожлантириш бир вақтнинг ўзида қатор мақсадларга эришишга хизмат қилади. Биринчидан, давлат бошқарувини демократлаштириш, фуқаролар учун ахборот олишда очиқлик ва шаффофлик таъминланади. Иккинчидан, давлат аппарати фаолиятининг самарадорлигини оширишга имкон яратилади. Учинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати белгиланади.

Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати қонунларнинг самарали ишлашини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишга ва уни ҳимоялашга даъват қилади, давлат тузилмаларининг барча даврларда такомиллашувини таъминлайди, жамоатчилик назорати орқали мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги ва масъуллиги ошади.

You must be logged in to post a comment Login