СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Мамлакатимизда суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, судни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий – ҳуқуқий чора тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Юртбошимиз “Судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш, хусусан, суд тизими учун кадрлар масалалари билан шуғулланиш вазифаси махсус орган — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига юклатилганини қайд этиш лозим”, дея таъкидлаган эдилар.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш билан боғлиқ қонунларнинг амалиётдаги самараси ҳақида гап кетганда, авваламбор, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган ва 2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Қонунни қайд этиш лозим. Унда судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунан белгилаб қўйилди.

Президентимизнинг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2012 йил 29 декабрдаги Фармойишига асосан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида”ги Низом тасдиқланиши суд ҳокимияти нуфузини янада ошириш, судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг замонавий, демократик талабларга жавоб берадиган самарали тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этди.

2014 йил 20 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг моддий таъминотини яхшилашга қаратилган қоидаларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддаларига қуйидагича ўзгартиришлар киритилиб; биринчидан, ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотли ва юридик ихтисослиги бўйича авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди; судьяликка номзодлар ёшининг 25 ёшдан 30 ёшга кўтарилиши ва иш стажи муддатининг уч йилдан беш йилга оширилиши катта ҳаётий тажриба ва касбий билимга эга бўлган шахсларнинг судья бўлиб тайинланишининг асоси ҳисобланади. Ҳудди шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси бўлиш учун зарур бўлган иш стажи беш йилдан етти йилга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди судьяси бўлиш учун зарур бўлган иш стажи етти йилдан ўн йилга оширилди.

Олий суд, Олий хўжалик суди ташкилотчи сифатида захирада турган шахсларнинг ўқиши ҳамда стажировка ўташларини амалга ошириши белгилаб қўйилди. Судьяликка номзодлар ўқув ва стажировкани ўташ даврида асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилинади. Бу судьяликка номзодлар учун ижтимоий кафолатларни таъминлашнинг муҳим механизми ва захирани шакллантиришда қўшимча рағбатлантирувчи омил ҳисобланади.

Янги муддатга ва бошқа судьяликка тайинланган шахсларни ҳам мажбурий ўқитиш назарда тутилган бўлиб, бу эса уларнинг назарий ва амалий билимларини, касбий маҳоратларини оширишга, янги кўникмаларга эга бўлишга, қонунларга ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлардан ўз вақтида хабардор бўлишга замин яратади.

Судьялар ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилди. Бундан ташқари, судьяларга имтиёзли шартлар асосида уй-жой сотиб олиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари олиш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, ваколат муддати тугаган судьялар учун ҳам кўшимча моддий кафолатлар – ваколат муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколат муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Ваколат муддати тугаган судьялар учун ҳам қўшимча кафолатлар белгиланди. Унга мувофиқ, судьяларга уларнинг ваколатлари тугагандан кейин улар судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Бу ислоҳотлар судьялар иш сифатини яхшилашга, судьялар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга, аҳолининг судга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login