БИОМЕТРИК ПАСПОРТ – ҚУЛАЙ ВА ИШОНЧЛИ

biopass

Президент Ислом Каримовнинг 2011 йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида аҳолига биометрик паспорт бериш, алмаштириш, паспорт қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш борасидаги ишлар тубдан такомиллаштирилмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг юздан зиёд давлатида замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тайёрланган биометрик паспорт жорий қилинган бўлиб, бу аэропорт, темир йўл вокзали, автошоҳбекатларда, чегара постларида икки, уч сония ичида шахсни аниқлаш имконини беради.

Айни кунларда шаҳримизда ҳам фуқароларга биометрик паспорт топшириш ишлари изчил давом этмоқда. Қатъий тартиб асосида олиб борилаётган бу тадбир жараёнида корхона, ташкилот ва таълим муассасаларига график белгилаб қўйилгани фуқароларнинг кутиб қолиши, вақтини беҳуда сарфлашнинг олдини олмоқда.

Амалиётнинг сифат ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида шаҳар ИИБ паспорт бўлинмасида фуқароларга барча қулай шароитлар яратилган. Кенг, ёруғ хоналар замонавий тарзда жиҳозланиб, биометрик паспорт олиш бўйича аҳолига қулайлик яратиш мақсадида фуқароларни қабул қилиш вақти узайтирилган. Бўлинмада банк шаҳобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, тўлов терминаллари ўрнатилган. Паспорт олиш учун белгиланган тўловларни шу ернинг ўзида амалга ошириш мумкин.

Паспорт бериш жараёнида фуқароларга ушбу ҳужжат билан боғлиқ кўплаб ҳуқуқлардан фойдаланиш баробарида уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, мамлакатимизда ўрнатилган паспорт қоидаларига қатъий риоя этиш зарурлиги ҳақида тушунчалар бериб борилаётир.

Фуқаролик паспорти инсоннинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлибгина қолмай, ғурур-ифтихор рамзи ҳамдир. Негаки, муайян давлатнинг фуқаролик паспортига эга бўлган одам ўша давлатнинг ҳимоясида бўлади. Жумладан, халқаро андозалар даражасидаги биометрик паспорт юртдошларимизнинг нафақат мамлакатимиз, балки унинг ташқарисида ҳам давлатимиз ҳимоясида бўлишини кафолатлайди. 

You must be logged in to post a comment Login