ҲАЖ САФАРИ БОШЛАНДИ

хаж

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий урф-одат ва анъаналаримиз, диний қадриятларимиз тикланиб, тобора юксалиб, сайқалланиб бораётганлиги туфайли бир пайтлар ота-боболаримиз учун армонга айланган ҳаж ибодатига бугун минглаб юртдошларимиз ҳеч бир қийинчиликларсиз эришмоқдалар. Ҳар йили 5000 нафардан зиёд юрдошимиз ҳаж амалини, 6000 нафардан кўп ватандошимиз эса йилда икки марта умра ибодатини адо этмоқда.

Ислом динидаги бешинчи фарз – муборак ҳаж зиёратини амалга ошириш ҳар бир юртдошимизнинг эзгу нияти ҳисобланади. Истиқлол йилларида ана шу орзуни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилгани барчамизни беҳад мамнун этади.

Бу йил ҳам 600 нафар фарғоналиклар шундай улуғ неъмат саодатидан баҳраманд бўлишди. Куни кеча қутлуғ сафарга чиққан ҳамюртларимиз «Фарғона» халқаро аэропортидан тантанали равишда кузатиб қўйилди.

Эрта тонгда шаҳар ва туманлар марказларидан махсус автобусларга жойлашган зиёратчилар халқаро аэропортга етиб келишди. Вилоят ҳокимлиги, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш комиссияси ҳамда аэропорт маъмурияти томонидан зиёратчиларнинг ҳужжатларини қисқа фурсатда расмийлаштириш ишлари ташкил этилди. Улар ҳудудлар бўйича рўйхатга олингач, гуруҳ раҳбарлари кўмагида божхона назоратидан ўтишди. Бу борада ёрдамлашиш учун ҳар бир зиёратчига «Камолот» фаолларидан иборат ёшлар бириктирилгани эътиборга сазовор.

Расмийлаштириш ишлари ниҳоясига етказилиб, зиёратчилар чиройли безатилган кутиш залларига жойлаштирилди. Сафар олдидан бир пиёла чой уюштирилиб, эсон-омон зиёратни амалга ошириб келиш мақсадида дуои фотиҳалар ўқилди.

– Шундай лаҳзаларда тинч ва дориломон кунларга шукрона айтамиз. Диний бағрикенглик, ибодатлар чоғидаги эмин-эркинликни қадрлашимиз, бу неъматларни кўз қорачиғидек авайлаб-асрашимиз зарур, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев. – Бундай эътибор ва рағбат, ғамхўрлик учун Юртбошимиз, вилоятимиз ҳокимлигига бўлажак ҳожилар номидан раҳматлар айтамиз. Бундай қулай шарт-шароит зиёратчиларимизни жуда ҳам мамнун этди.

Муҳаббат Ҳакимова 30 йил мобайнида Марғилон шаҳридаги таълим даргоҳларида ёш авлодга билим-тарбия сабоқларини берган. Ҳозирги кунда меҳнат фахрийси оиласи, шогирдлари ва яқинлари ардоғида яшамоқда. Шундай бахтга мушарраф бўлаётганидан қувончи чексиз эканлигини тажрибали устознинг юз-кўзларидан сезиб олиш қийин эмас. Онахон каби барча зиёратчиларнинг тили-ю дилида шукрона. Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, эртанги кун истиқболи учун дуо қилиб чарчамайдилар.

Олтин қанот қушлар – замонавий самолётлар самовий парвозларини бошлайди. Ҳаво лайнерлари тобора олислаб боришини ҳавас билан кузатиб, зиёратчиларнинг ой бориб, омон қайтишларига эзгу тилакларимизни билдириб қоламиз.                

You must be logged in to post a comment Login