СОҒЛОМ ОНАДАН СОҒЛОМ БОЛА ТУҒИЛАДИ

SHQ_6825

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза  қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳияти ва унинг ижросини таъминлашда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан бир қатор долзарб вазифалар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақида Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган семинарда таъкидланди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Фарғона вилоятида 2014-2018 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустахкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги вилоят дастури” тасдиқланган бўлиб, мазкур Дастур 5 та бўлим, 38 та банддан иборат.

Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Ходжаева аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилишда сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш, ривожланишида нуқсони бор болаларни тиббий-ижтимоий реаблитация қилиш сифатини ошириш, ногирон болалар ва ўсмирларни эса соғломлаштириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштироки учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар ва қилиниши керак бўлган вазифалар хусусида гапирди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитасининг оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш, ҳомиладор аёлларнинг тиббий кўригини сифатли амалга ошириши, эрта туғруқларни бартараф этиш, экологик маданиятни тарғиб қилиш, аёллар спортини ривожлантириш, спорт соҳасидаги мураббий хотин-қизлар сафини кенгайтириш ишларини кучайтириш ва ушбу жараённи янги босқичга кўтариш бўйича Ҳамкорлик (тармоқ)  дастури қабул қилинди.

Қайд этиш жоизки, мамлакатда она ва бола саломатлигига қаратилаётган юксак эътибор туфайли истиқлол йилларида чақалоқлар ўлими 3,2 маротаба, оналар ўлими 3,1 марта камайди. “Она ва бола скрининги” дастурини амалга ошириш ёрдамида эса нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан бери 1,8 марта камайгани айниқса, эътиборлидир.

Маълумотларга кўра, 2005 йилда мамлакатда буткул соғлом болалар кўрсаткичи 52,7 фоизни ташкил қилган бўлса, 2013 йилда ушбу рақам 63 фоиздан ошди. Ривожланган мамлакатларда, ушбу кўрсаткич 70-72 фоизни ташкил қилади, ушбу мисол эса Ўзбекистоннинг ушбу соҳада эришаётган ютуғидан далолатдир.

You must be logged in to post a comment Login