ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР ҚАНДАЙ ҚУРИЛМОҚДА?

ОБОД ТУРМУШ

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан дастлаб мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини янада юксалтириш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, замонавий инфратузилма, транспорт ва коммуникацияларни комплекс ривожлантириш, фуқаролар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини изчил ошириб бориши, ҳар бир инсонга ўзининг интеллектуал, касб ва маънавий салоҳиятини руёбга чиқариш учун зарур имкониятлар яратиб берилиши ва шу аснода ҳаёт сифати, мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартириш масалаларига катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Бунинг асосасий сабаби собиқ тузум даврида бу масалалар ўз ҳолича ташлаб қўйилгани ва энг асосийси, аҳоли турмуш тарзининг эътиборсиз қолдирилганлигидир.

Уй-жой қуришни соҳасининг бош хусусияти шунда эдики, у деярли бошқарилмас, бошқача айтганда, ўзбошимчалик билан амалга оширилар эди.

Қишлоқда уй-жойлар аҳоли пунктларини барпо этишда қўлланиши зарур бўлган бош режаларсиз қурилар, ҳудудларнинг ўзига хос табиий ва иқлим хусусиятлари, ўзбек оиласининг миллий анъаналарини ҳисобга олиб, пухта ишлаб чиқилган намунавий уй-жой лойиҳалари йўқ эди.

Ўзи ҳам буюртмачи, ҳам қурувчи бўлган қишлоқ аҳолисининг имкониятлари чеклангани, шунингдек, қурилиш материалларининг доимий танқислиги ҳамда қишлоқда ривожланган қурилиш саноати бўлмагани учун бу борадаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Бошқача айтганда, уй-жойлар қўлбола қурилиш материаллари – хом ғиштдан қурилар, хоналарига ёғочдан пол қилинмас, том ёпиш материали сифатида асосан асбест шиферлардан фойдаланилар эди.

Бош режасиз қурилган уй-жойларни коммунал қулайликлар билан таъминлаш, ичимлик суви тармоғига, электр энергияси ва газ тармоғига улаш борасида жиддий муаммолар пайдо бўлар эди.

Янги қурилган уй эгалари тиббиёт муассасалари, мактаблар, болалар боғчалари, савдо шохобчалари, бозорлар, ҳовлисига олиб борадиган йўл, яъни оиланинг қулай шароитда яшаши учун зарур бўлган инфратузилма билан таъминланишда муаммоларга дуч келган.

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 50 фоизи, яъни 15 миллионга яқин одам қишлоқ жойларида истиқомат қилади.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларида ҳар йили 150 мингдан ортиқ янги оила вужудга келмоқда, мустақил тараққиёт йилларида эса қишлоқларда 2 миллион 600 мингдан зиёд ёш оила пайдо бўлди ва улар ўз уйига эга бўлишга эҳтиёж сезмоқда. Шу муносабат билан ҳозирги кунда қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш бўйича узоқ йиллар мобайнида шаклланган ёндашувлар, усул ва амалиётни қайта кўриб чиқиш вақти келгани, буни ҳаётнинг ўзи илгари сураётгани янада аён бўлиб қолди.

Шу боис бу борада Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилди? Мамлакат бу муаммодан чиқиб кетиш учун қандай чора ўйлаб топди?

Бугун Ўзбекистонда оммавий тарзда амалга оширилаётган қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурининг муҳим хусусиятлари, долзарблиги, унга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг принципиал хусусиятлари нималардан иборат?

Бу борада биринчи навбатда ҳал этиш лозим бўлган принципиал масалалардан бири – уй-жой қурилишининг қонунчилик, ҳуқуқий ва норматив базасини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда ислоҳ этишдан иборат эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳақидаги принципга асосланган ҳолда қабул қилинган Уй-жой ва Шаҳарсозлик кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг «Ипотека тўғрисида»ги қонуни, бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатларда мулкдорнинг уй-жой ҳамда у барпо этилган ер участкасига муддатсиз эгалик қилиш ва уни мерос қилиб олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Қишлоқ аҳолисига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бир оилага 6 сотих ҳисобида умрбод мерос қилиб олиш ҳуқуқи билан бепул ажратилаётгани алоҳида эътиборга молик. Бу эса ер ресурслари чекланган шароитда ниҳоятда катта аҳамиятга эгадир.

Тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, қишлоқ жойларида уй-жой массивларини қуриш ишлари якка тартибда уй-жой қурувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган ва маъқулланган намунавий лойиҳалар асосида, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари билан биргаликда барпо этилмоқда. Республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан автомобиль йўллари, ички коммуникация тармоқларини қуриш, сув, газ ва энергия таъминотини йўлга қўйиш, албатта, амалга оширилиши лозим бўлган муҳим шартлардандир.

Янги уй-жой массивларида яшайдиган аҳоли сони инобатга олиниб, мактаблар, болалар боғчалари, қишлоқ врачлик пунктлари, савдо шохобчалари ва спорт иншоотлари ҳам намунавий лойиҳалар асосида барпо этилмоқда.

Қишлоқларда уй-жой комплексларини қуришда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан бир қаторда янги турдаги сервис ва электрон хизматлар кўрсатиш объектлари барпо этилиб ишга тушириляпти.

Янги, замонавий уй-жойлар барпо этиш билан бирга қишлоқдаги уйлар, қишлоқдаги оилаларга энг замонавий компьютерлар, ахборот-коммуникация технологиялари, замонавий телекоммуникация тизими, интернет кириб боряпти.

Энг асосийси, қишлоқ аҳолиси учун деярли янги бўлган бундай турдаги хизматлар одамлар эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, қишлоқ касб-ҳунар коллежларида таълим олган ва касб эгаллаган минглаб, ўн минглаб йигит-қизларни иш билан банд этиш имконини бермоқда.

Якка тартибда уй-жой қурилишига кредит ажратиш механизми ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Қишлоқда яшайдиган одам уйнинг намунавий лойиҳасини танлаганидан сўнг дастлабки бадал сифатида уй қийматининг 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағини тўлайди. Унга қулай шартлар асосида узоқ муддатга – 15 йилга имтиёзли фоиз ставкаси бўйича – биринчи йил белгиланган фоизни тўламаслик шарти билан – 7 фоиз миқдоридаги ипотека кредити берилади. Бу Марказий банкнинг йиллик 12 фоиз миқдорида белгиланган қайта молиялаш ставкасидан анча пастдир.

Қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш учун яхлит институционал тузилма ташкил этилди.

Намунавий уй-жойларни лойиҳалаштириш, ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига эга бўлган уй-жой массивларини комплекс қуриш режасини ишлаб чиқиш “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” ихтисослаштирилган лойиҳа-тадқиқот институти зиммасига юкланган. Шу билан бирга, мазкур институт қурилиш ишлари бажарилиши устидан муаллифлик назоратини ҳам амалга оширмоқда.

Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини кредит асосида молиялашни шу мақсадда ташкил этилган “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки амалга оширмоқда. Унинг низом жамғармаси бугунги кунда қарийб 130 миллион доллар миқдоридаги маблағга тенгдир.

Мазкур банк ташкил этилганидан буён ўтган тўрт йил мобайнида қишлоқда 23,6 минг нафар якка тартибда уй-жой қурувчига қиймати 677 миллион доллардан зиёд ипотека кредитлари берилди.

Банк нафақат аҳоли, балки қишлоқда уй-жой ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этаётган қурилиш ташкилотлари, шунингдек, қишлоқ қурилишида фойдаланиладиган замонавий материаллар ва конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳам кредит билан таъминламоқда.

Қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш дастурини амалга оширишда мамлакатимизнинг бошқа банклари – Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Ипотека банк” акциядорлик-тижорат банки ҳам фаол иштирок этмоқда.

Уй-жойларни намунавий лойиҳалар асосида тайёр ҳолда топшириш шарти билан қуриш борасидаги ҳамма ишлар “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси зиммасига юкланган. Ягона буюртмачи бўлган ушбу компания мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўз филиалларига эга бўлиб, у қишлоқ жойларида уй-жой массивларини сифатли қуриш бўйича ягона сиёсатни амалга оширмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудларида ташкил этилган 900 дан ортиқ янги ихтисослаштирилган пудратчи қурилиш ташкилотларида бугунги кунда 20 минг нафарга яқин қурувчи меҳнат қилмоқда, замонавий қурилиш материаллари, конструкциялар, ёғоч пол, дераза панжаралари, том ёпиш ва бошқа материаллар ишлаб чиқарадиган 60 дан зиёд корхона ташкил қилинди. Кенг кўламли имтиёз ва преференциялар тизими яратилди.

“Қишлоқ қурилиш банк” кредитлари ҳисобидан якка тартибда уй-жой қураётган қишлоқ аҳолиси ипотека кредитларини қайтариш ва уларнинг устама фоизларини қоплашга йўналтириладиган даромад солиқларини тўлашдан озод этилган. Бундан ташқари, улар сотиб олган уй-жойдаги мулк учун ипотека кредитини тўлиқ тўлагунга қадар солиқ тўлашдан озод этилди.

Қишлоқ жойларида уй-жой қуришда иштирок этаётган “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси, пудратчи ташкилотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган ихтисослаштирилган корхоналар барча турдаги солиқлар ҳамда мақсадли давлат фондларига мажбурий ажратмалар, шунингдек, олиб келинаётган қурилиш техникаси ва кичик механизация воситалари учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилган. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун қурилаётган уй-жойлар қийматини сезиларли равишда камайтириш имконини бермоқда. Бундай уй-жойларнинг бир квадрат метри шаҳардаги уй-жой қийматидан бугунги кунда ўртача 2 баробар пастдир.

2009-2012 йилларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш бўйича махсус дастурнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида 650 та янги қишлоқ уй-жой массиви барпо этилди, умумий майдони 3,2 миллион квадрат метр бўлган 23,6 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қурилди. Ушбу мақсадларга 1,2 миллиард доллардан зиёд миқдордаги инвестициялар йўналтирилди. Узунлиги 732 километр асфальтланган автомобиль йўллари, мингдан зиёд ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилди.

Ҳозирги вақтда мамлакатда қишлоқ аҳолисини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 75,8 фоизни, табиий газ билан таъминлаш даражаси эса 76,2 фоизни ташкил этмоқда.

Жорий йилда ҳам қишлоқ жойларида уй-жойларни кенг кўламда қуриш ишлари кўзда тутилган. 353 та қишлоқ массиви ҳудудида бошланган қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Уларда намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта барча қулай шарт-шароитларга эга уй-жой қуриш кўзда тутилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 17,5 фоиз кўпдир. Айни пайтда узунлиги 300 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари ва 280 километрдан зиёд электр тармоқлари ишга туширилади, қарийб 240 километрлик автомобиль йўллари қурилади, кенг кўламли ижтимоий ва бозор инфратузилмаси яратилади. Бу мақсадлар учун салкам бир миллиард доллар миқдоридаги инвестиция йўналтирилади.

Қишлоқда қурилиш ҳажми ортиб бораётгани муносабати билан замонавий қурилиш саноати ривожланмоқда, янги иш ўринлари ташкил этилмоқда, аҳоли бандлиги таъминланиб, унинг даромади ва фаровонлиги тобора ошмоқда.     Чет эл мамлакатларида уй-жойларни куришда олиб борилаётган давлат сиёсатининг анализи – Bausparkassen-Fachbuch (Штутгарт) ва Grundlagen der Wohnungs-baufinanzierung (Мюнхен/Вена) ларнинг тадқиқотлари асосида:

● Уй-жой курилиш технологияларини улуши 

Мамлакат номи  
1 Испания 1-2 % гача
2 Франция 3 %
3 Буюк Британия 12,5%
4 Германия 15%
5 Япония 46%
6 Канада 83%
7 Финландия 90%
8 АҚШ 95 гача

 

● Уй-жойлар харид қилиш учун солиқ:

(Налог на приобретение недвижимости) 

Мамлакат номи Уй-жойлар харид қилиш учун солиқ, фоизда харид нархидан
1 Англия 1,0% дан 4,0% гача
2 Италия 3,0%
3 Норвегия 2,5%
4 Австрия 3,5%
5 Швеция 1,5%
6 Чехия 5,0%
7 Испания 6,0%
8 Венгрия 2,0% дан 6,0% гача
9 Германия 3,5%
10 Голландия 6,0%

Юқоридаги мамлакатларда бундан ташқари алоҳида мулк солиғи (налог на недвижимость) тўланиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 4 январда «Қишлок жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил дастури тўғрисида»ги қарори билан 2013 йил 1 январдан жисмоний шахслар ипотека кредитини тўлаб бўлмагунга қадар харид қилинган уй-жойлар бўйича мулк солиғини тўлашдан озод қилинишлари белгиланди.

Кўриниб турибдики, мустақил Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш, уларнинг яшаши учун қулай-шарт-шароит яратиш мамлакатнинг энг асосий вазифаларидандир.

You must be logged in to post a comment Login