ЧЕМПИОНЛАРГА ОЛҚИШ ВА ШАРАФ

_DSC3209

Истиқлол байрами куни Қўқон шаҳрида Хитойнинг Нанкин шаҳрида якунига етган II ўсмирлар олимпия ўйинлари ғолиби Бектемир Мелиқўзиев ҳамда олимпиада ўйинлари тўртинчи ўрин соҳиби Козимжон Мардоновларни тақдирлашга бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Дастлаб тантана иштирокчилари Қўқон шаҳридаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очилиш маросимига таклиф этилдилар. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ш. Ғаниев иштирок этди.

– Бу мажмуада жаҳон андозалари даражасидаги шарт-шароитлар муҳайё этилиб, ёшлар ихтиёрига топширилаётгани мамлакатимизда баркамол авлод орзуси йўлида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар нечоғли улкан эканлигини англатади, – деди вилоят ҳокими ўз табрик сўзида. – Бундай замонавий қулайликлар бундан буён ҳам юртимизда бугунги чемпионларнинг муносиб ворислари тарбияланишларидан далолат беради.

Фарғона бокс мактабининг ёрқин вакили, ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон, олимпиада чемпиони Бектемир Мелиқўзиев, бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони Шохруза Набиевалар сўзга чиқиб, ёшларга қаратилаётган бундай эътибор ва рағбат учун муҳтарам Президентимизга чексиз миннатдорлик изҳор этишди.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг тадбир қатнашчилари мажмуада спортчиларга яратилган шароитлар билан танишишди. Бокс, кураш, қиличбозлик, гимнастика каби ўнлаб тўгараклар фаолияти, кичик ва катта гуруҳлардаги машғулотлар жараёнини кузатишди. Мураббийлар ва ёш спортчилар меҳмонларга маҳорат дарсларини ўтиб беришди.

Байрам шодиёналари Қўқон шаҳридаги муҳташам «Тантаналар саройи»да давом этди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими Ш. Ғаниев йиғилганларни энг улуғ энг азиз байрам – истиқлолимизнинг 23 йиллиги билан самимий қутлади. Шундан сўнг олимпиада мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган боксчилар Бектемир Мелиқўзиев, Козимжон Мардонов ва уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийларига вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари қўмитаси вилоят Кенгаши ва бошқа қатор ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Файзли дастурхон атрофидаги суҳбат куй-қўшиқлар, рақслар ҳамоҳанглигида давом этди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қиличбек Тожиев, «Ниҳол» мукофоти совриндори Шаҳло Рустамова, Мансурхон Нурматов, «Божалар» гуруҳи, Қўқон шаҳридаги эстрада гуруҳлари чиқишлари барчани даврага чорлади. Спортчиларнинг оила аъзолари, устозлари, дўстлари мириқиб ўйнашди. Чемпионлар олқишланди, шарафланди.

You must be logged in to post a comment Login