КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯЧИСИ

Бугун ватанимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб бораётгани — буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг самарасидир.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўтган йиллари даврида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Бу эзгу ишларга 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Асосий Қонунимиз – Конституция пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Бугун Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ҳамда Конституциямизда ўз аксини топган ғоялар асосида ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни босқичма-босқич изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Конституциянинг 18-моддасига назар ташланг! Унда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавкеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб белгилаб қўйилган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги ҳукмрон “марказ”нинг инсон ҳуқуқларига мутлақо зид равишда қийноққа солиш, руҳан ва маънан азоб бериш, ноҳақ жазолаш каби ғайриинсоний тергов ҳаракатлари ва судлов ишлари оқибатида кўплаб ватандошларимиз жабр чеккани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди.

Мустақил мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга ҳам  алоҳида аҳамият берилмокда.

Жумладан, жазо чоралари тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлди.

Буюк бобокалонимиз Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асарида “Ўлдирмоқ — куфурдир!” дейилиши бежиз эмас. Дарвоқе, ҳаёт – инсон учун энг олий неъмат. Бу неъмат фақат Яратганнинг ўзи томонидан берилади. Шундай экан, ундан маҳрум қилиш шафқатсизликдан ўзга нарса эмас. Бизнинг мамлакатимиз халқпарвар, инсонпарвар давлат. Унда ҳар бир инсоннинг эркин яшаш ҳуқуқи энг олий қадрият саналади. Шунинг учун Президентимиз томонидан 2005 йил 1 августда кабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор килиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда шахс дахлсизлигини таъминлашнинг янги босқичига пойдевор кўйди,

Юртбошимизнинг “Буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати” номли рисоласида “Инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари муқаддас бўлиб, давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон давлати ҳам фуқароларнинг манфаатлари ва эркинликларини Республика ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади”, деб айтилган сўзлари инсон ҳуқуқларига қаратилган эътиборнинг юксаклигидан.

Яқинда Бош қомусимизнинг 32-, 78-, 93-, 98-, 103 ва 117-моддаларига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун асосида Конституциямизга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилдики, уларнинг барчаси юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

You must be logged in to post a comment Login