ХАЛҚАРО ТУРНИР ЯКУНЛАНДИ

Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари каби теннис ҳам тобора оммалашмоқда. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳа томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор мамлакатда теннис мактабининг юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, бу борада Ўзбекистонда теннис бўйича ташкил этилаётган турли ҳалқаро мусобақалар, очиқ чемпионатлар ёшларга ибрат мактаби бўлмоқда. Халқаро кортларда куч синашувчи спортчилар юртимизга келиб ёш ўғил-қизларимизнинг малакасини ошишига хизмат қилмоқда.

Бу борада Фарғонада ҳам анъанавий теннис мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, шу йилнинг июнь ойида Мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ доллари бўлган “Chellenjer” ҳамда 25 минг АҚШ долларига тенг мукофот учун “Ferghana Women’s” турнирида юртдошларимиздан ташқари, МДҲ мамлакатлари ҳамда АҚШ, Исроил, Колумбия, Хитой, Таиланд, Швейцария, Ҳиндистон, Япония каби 18 мамлакатидан 100 нафарга яқин теннисчилари яккалик ва жуфтлик баҳсларида ғолиблик учун куч синашган эдилар.

Шунингдек, шу кунларда Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” теннис мажмуасида анъанавий ўн тўртинчи халқаро теннис турнири ниҳоясига етди.

 “Fergana cup“ халқаро турнирда Чехия, Ҳиндистон, Россия, Исроил, Туркия, АҚШ каби ўн беш давлатдан 130 нафардан ортиқ спортчилар қатнашди.

Финалда ўсмирлар ўртасида (яккалик) Америка Қўшма Штатлари вакили  Хабиб Хади ўзбекистонлик Сайдали Саидкаримовни, қизлар ўртасида эса  россиялик Екатерина  Казионова тайвандлик Ен-Тей Хванни мағлубиятга учратди.

Қизлар баҳсида тайвандлик Ен-Пей Хван ва ҳиндистонлик Весанти Шинде Фарғона шаҳридаги БЎОЗСМ тарбияланувчиси Сарвиноз Саидхўжаева ва қаршилик Гўзал Юсуповаларни кескин курашлар остида енгдилар.

– Менга хушмуомала, меҳмондўст фарғоналиклар жуда ёқди,– дейди АҚШ дан ташриф буюрган Хабиб Хади.– Айниқса, Олимпия коллежи ёнидаги рангли, мусиқали фаввора, бири-биридан чиройли, муҳташам бинолар, ўқув масканлар кўзимни қувонтирди. Катта ғалабани қўлга киритиб, келаси турнирларда ҳам келишни ният қилиб қўйдим.                        

You must be logged in to post a comment Login