ҲАВАС ВА ҲАЙРАТ МАСКАНИ

38

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, мустақиллигимизнинг 23 йиллиги байрами тараддудининг, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўласиз. Мамлакатимиздаги тарихий обидалар, замонавий шаҳарлар, хушманзара табиат ва файзли гўшалар ҳар қандай  одам эътиборини тортади. Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар буни алоҳида эътироф этади. Айниқса, хорижликларнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Марғилон, Қўқон каби қадимий шаҳарларига бўлган қизиқиши ҳам анча ортган. Мухбиримиз Фарғона вилояти шаҳарларида юрган айрим сайёҳлар билан Ўзбекистондаги ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида суҳбатлашди.

Паул Баннерман (Канада): 

– Дунёнинг 192 давлатида бўлганман, лекин ўзбек халқидек меҳмондўст халқни кўрмаганман. Бу юртингиздаги тинчлик-осойишталик, халқингизнинг фаровон турмушидан далолат. Самарқанд, Бухоро ва Қўқон шаҳарларига саёҳат қилдим. Бу шаҳарлар менга Шарқ эртакларини эслатди. Замонавий бинолар билан бирга, маҳобатли мадрасалар, карвонсаройлар, миноралар, бошқа осори-атиқаларнинг барчаси хотирамда бир умр муҳрланиб қолади. Бу қадимий шаҳарларда ҳаёт қайнаётгани, ўтмиш ва цивилизация ёнма-ён яшаётгани мени ҳайратга солди, ҳавасимни келтирди.

Халқингиз неча асрлик обидаларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётгани ғоят қувонарлидир. Бу — ўзбек халқининг бой тарихи,  маданияти, юксак интеллектуал салоҳиятидан  далолатдир.

Мусиқачи бўлганим учун улар менга туганмас илҳом бахш этди. Ватанимга қайтганимда юртдошларимга меҳмондўст Ўзбекистон, унинг қадимий шаҳарлари, самимий инсонлари ҳақида сўзлаб бераман.

Миссис Хендел Далила (Италия):

– Ўзбекистонга учинчи бор келишим. Кўнглим нимагадир доимо юртингиз томон тортаверади. Қисқа фурсат мобайнида юртингиз, хусусан, Самарқанд, Фарғона шаҳарлари таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Кўплаб тарихий обида ва қадамжолар таъмирланибди, замонавий иншоотлар, турар-жойлар, савдо марказлари қад ростлабди. Кўчалар, боғлар, маҳаллалар янада кўркамлашибди. Ўзбекистонга лоақал бир йил келмаган одам бу ердаги улкан ўзгаришларни кўриб, ҳайратга тушиши тайин.

Ўзбекистон халқининг барча соҳаларда эришаётган улкан ютуқларига ҳавас қилса арзийди. Бу Президент Ислом Каримов раҳнамолигида узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг самарасидир.

Биласиз, бугун дунёнинг бир қатор давлатларида нотинчлик, қарама-қаршиликлар одамларнинг тинкасини қу-ритган.

Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик доим барқарор. Одамларингиз юз-кўзларида хотиржамлик, эртанги кунга ишонч зоҳир. Кўчалар озода, бозорлар тўкин-сочин. Айниқса, мустақиллик байрами арафасида бу ерда бўлиб, ўзбек халқи қувончига шерик бўлаётганимиздан беҳад хурсандмиз.

Қўқон ва Марғилон шаҳар-лари, Риштон туманида бўлиб, ўзбек халқининг жуда катта бой меросга эга эканлигини сездим. Айниқса, ҳунармандларнинг ноёб маҳсулотлари мени ҳайратга солди. Худоёрхон ўрдаси, Пирсиддиқ мажмуаси каби зиёратгоҳлар, Риштон кулолчилиги янада жозибали. Барқарор тараққиёт йўлидан бораётган юртга янада улуғворлик ва тинчлик-омон-лик тилайман.

Руз Трейде, (Австралия):

– Ўзбекистон   ҳақида кўп эшитганман. Лекин уни ўз кўзинг билан кўришнинг завқи бошқача экан. Мўъжизавий шаҳарларингизни томоша қилиб, қадимий ва бой маданиятингиз, миллий урф-одатларингиз билан танишиб, Ўзбекистонга мафтун бўлиб қолдим. Жаннатмонанд заминингизда етиштирилган ширин-шакар ноз-неъматлардан баҳраманд бўлдик. Уларнинг таъми бир умр оғзимда қолади.

Мамлакатингизда сайёҳ-ларнинг мароқли дам олиши учун барча қулайликлар яратилмоқда. Шу боис Ўзбекистоннинг жаҳон туризм бозоридаги нуфузи тобора ошиб бораётир. Унинг ҳар бир гўшаси ўзига хос, тароватли.

Юртингизни қаерига бормайлик одамлар бизни катта илтифотлар билан кутиб олишмоқда. Бир-бирини такрорламас кўчалар, зиёратгоҳлар, тарихий обидалар чинакам эртакнинг ўзи. Сўлим ва хушманзара табиати ҳам ўзгача. Мамлакатингизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик, бунёдкорлик Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг энг катта ютуғидир. 

Мухбиримиз суҳбатлашди.

You must be logged in to post a comment Login