СЕН – ЎЗБЕКИСТОН ФАХРИСАН!

bektemir

Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам бўлмаган соғлом ва баркамол авлод сифатида шаклланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш Президент Ислом Каримов томонидан давлатимиз олдидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири эканлиги мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ қатъий белгиланди.

Ана шу вазифани кенг қамровда амалга ошириш асносида асрга татигулик ишлар қилинди. Хусусан, таълим йўналишидаги жадал ислоҳотлар баробарида ўзига хос кичик олимпиадалар номини олган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” мусобақалари ташкил этилди. Юртимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам болаларни спортга ошно тутинишлари учун шароит яратиб берилмоқда.

Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган II ўсмирлар Олимпиадасида Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида олтин медални қўлга киритган боксчи Бектемир Мелиқўзиев ҳам ана шу спорт мактабида тарбия топган.

Нанкин Олимпиадасининг бокс бўйича вазни 69 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида рингга чиққан Б.Мелиқўзиев ярим финалда беларуслик Иляс Адзинаевни техник нокаутга учратди. Финалда Доминикан Республикаси вакили Хуан Соланони 3:0 ҳисобида енгган Бектемир шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Ғолиб спортчимиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради.

Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев Нанкинга жўнаб кетишидан олдин ўсмирлар Олимпиадасида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, юртимизга ёруғ юз билан қайтишни астойдил ният қилганини айтган эди. У сўзининг устидан чиқди.

– Ҳар қандай йирик мусобақада жонажон Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчининг энг эзгу орзусидир, – дейди Бектемир Мелиқўзиев. – Биз, ёшларнинг Нанкин Олимпиадасида эришган улкан ютуқларимиз Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайлидир. Биз ғалабамизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаймиз. 

Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди. 

Қарийб икки ҳафта давомида жаҳоннинг 170 та давлатидан 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган 3500 дан зиёд ўсмирлар спортнинг 28 тури бўйича ғолиблик учун куч синашди. Дунё аҳли II ўсмирлар Олимпиадасини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатгани, ўз давлатининг спортчиси ғалабаси нашидасини татиб кўргани, унинг муваффақиятини худди ўзиникидек қабул қилгани шубҳасиз. Зеро, спорт – одамларни бирдамликка чақирадиган, ҳар қайси миллат ва халқнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътиборини юксалтирадиган қудратли кучдир. 

Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Сингапурда ўтган I ўсмирлар Олимпиадасида 21 нафар спортчимиз иштирок этиб, 3 кумуш ва 6 бронза медаль билан тақдирланган бўлса, бу йилги спорт анжуманида 28 нафар олимпиячимиз қатнашиб, илк бор 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

Б.Мелиқўзиев олимпия ўйинларидан қайтиб, 3 сентябрь куни Қозоғистонда ўтадиган жаҳон чемпионати мусобақасига жўнаб кетади. Олимпия ўйинларида тўплаган тажрибаси Бектемирга жаҳон чемпионатида асқотиши, шубҳасиз. Ёш, умидли боксчимизга Қозоғистондан ҳам чемпион бўлиб қайтишини тилаб қоламиз.

You must be logged in to post a comment Login