ФАРҒОНАДА ВЕЛОМАРАФОН ЎТКАЗИЛДИ

DSC_0666

Фарғонада «Биз соғлом ҳаёт тарзи тарафдоримиз» лойиҳаси доирасида велемарафон ташкил этилди. Мусобақа вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилиб, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа қатор мутасадди идора ҳамда ташкилотлар ҳамкорлигида бўлиб ўтди.

Истиқлол байрамининг 23 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида уюштирилган ушбу тадбир Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланди. Бу ззгу ташаббус «Соғлом бола йили» муносабати билан қабул қилинган вилоят дастури доирасида ўтказилгани билан ҳам эътиборга сазовордир.

Қўштепа тумани «Маданият уйи» биноси олдида веломарафоннинг очилиш маросимида 200 нафардан зиёд ҳамюртларимиз иштирок этишди. Шундан сўнг веломарафонга старт берилди ва 110 нафар ҳаваскор спортчилар ғолиблик учун баҳсга киришишди. Қатнашчилар Қўштепа туманининг Ғиштмон, Қумтепа қишлоқ фуқаролар йиғинлари, Фарғона туманининг Саткак, Фарғона шаҳар Ифтихор ва Нодирабегим маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда «Фарғона – Водил» йўналиши оралиғидаги 135 км масофани босиб ўтишди.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали олдида ҳаваскор велоспортчиларга мустақиллигимизнинг 23 йиллик рамзи туширилган спорт кийимларидаги 20 нафар «Камолот» ЁИҲ фаоллари қўшилишди ва барча қатнашчилар биргаликда Фарғона туманига йўл олишди. Туманнинг Ёшларобод маҳалла фуқаролар йиғинида иштирокчилар Фарғона тумани жамоатчилиги томонидан кутиб олинди. Шу ернинг ўзида икки авлод вакиллари – нуронийлар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Тантанали маросимдан сўнг тадбир қатнашчилари «Водил – Фарғона» йўналиши бўйлаб Фарғона шаҳрига кириб келдилар.

Фарғона шаҳридаги «Ёшлар маданият ва спорт мажмуаси»да бўлиб ўтган тантанали кутиб олиш маросимида веломарафон иштирокчиларини вилоят ҳокими ўринбосари Қ.Имомов қутлади. Тадбирда фаол қатнашган ёшлар ҳамда меҳнат фахрийларига эсдалик совғаларини топширди.

– Бу каби тадбирларда қатнашиш орқали тенгдошларимизда юртга садоқат, ватанга муҳаббат туйғуси янада мустаҳкамланади, – дейди мусобақа фаолларидан бири Моҳинур Раҳимова. – Энг муҳими, бундай спорт байрамлари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиради, турли бузғунчи ғоялар таъсирига тушишдан асрайди.

Спорт фахрийси Ҳошимжон Ориповнинг эътироф этишича, мана шундай тадбирлар катта-ю кичикнинг байрам кайфиятини кўтаришга хизмат қилади. Юртдошларимиз ўртасида ўзаро аҳил-иноқлик, ислоҳотлар жараёнидаги дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлайди.     

You must be logged in to post a comment Login