ОРЗУЛАР ШАҲРИ

15

Ҳар бир шаҳарнинг ўз оҳанрабоси бор.                                               

Фарғона деганда ўзбек миллий ашулаларининг моҳир ижрочилари, аския ва зироат илмининг устаси бўлган мард ва танти одамлар, жаннатмонанд Водил боғлари, Шоҳимардон тоғларидай пурвиқор хирмонлар кўз олдимизга келади.

Бироқ шаҳарнинг қиёфаси ҳақида гап кетса, қушқўнмас чинорлардан ўзга бирор арзирли нарсани тилга олиб бўлмасди. Унинг ўзига хос меъморий шакл-шамойили ҳақида-ку сўз юритиш ортиқча эди. Бир аср бурун шаклланган ҳарбий истеҳқомнинг совуқ нафаси яқин-яқингача ҳам ўзини намоён этиб қўяр, аҳоли турар жойларига туташиб кетган саноат корхоналари шаҳар ҳавосини бузиб, кўкракни тўлдириб нафас олгани қўймасди.

Ана шундай тасаввурда юрган одамнинг бугун Фарғонага йўли тушса, уни таний олмай қолиши аниқ. Аввало, кейинги икки ярим йилнинг ўзида шаҳарда янгидан барпо этилган замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар, кичик халқа йўл ва унинг атрофидаги меъморий жиҳатдан гўзал маданий-маиший хизмат шохобчалари, икки-уч қаватли турар жой ҳовлилари ва уларга уйғун қилиб қурилган кўп хонадонли янги уй-жойлар, меҳмонхонаю кафе-ресторанлар, фавворалар кўкка ўрлаётган хиёбонларни кўриб ҳар қандай одамнинг завқ-шавқи ошади. Ҳатто шаҳарнинг янгидан жудаям муҳташам қилиб қурилган халқаро аэропорти ҳам мана шу халқа йўлнинг ёнгинасида экан. Пойтахтдан бизни учириб келган «Боинг-757″дан тушибоқ янги бинонинг меъморий ўзига хослигини кўриб, кўнглимиз самоларга парвоз этгандек бўлади.

Ахир, неча ўн йиллар мобайнида не-не тарихий шаҳарларнинг ҳам одмигина аэровокзалларига кўзимиз кўникиб қолганди. «Бизларга бўлаверади», деган нафақат таскин берувчи, ҳатто таҳқирловчи туйғу кўнгилларга оғир тошдек чўкиб ётарди. Улуғ юртга ярашмайдиган чор-ночор қурилган бинолар олдидан эътиборсиз ўтиб юрганимизни эсласак, истибдод тушовлари одамларнинг онг-шуурини нечоғли ўраб-чирмаб ташлаганидан ориятимиз, виждонимиз изтироб чека бошлайди. Оллоҳга шукрки, кўнгилларга чўккан ана шу оғир тошни итқитиб ташлашга қодир, тушовланган руҳиятни уйғотувчи давру давронлар насиб этди, она-Ватанимиз ҳуррият байроғини баланд кўтарди.

Фарғонадаги қайта курилиб кенгайтирилган Аҳмад Фарғоний ва Алишер Навоий шоҳкўчалари, кичик халқа йўл ва Қувасой кўчалари атрофида бир-бирига меъморий жиҳатдан уйғун қилиб барпо этилган кўркам бинолар, меҳмонхона ва турар жойлар шаҳарга бетакрор қиёфа бағишлагани ҳар кандай одамнинг кўзини қувнатиб юборади. Ҳар жиҳатдан гўзаллашган, ўртасига чиройли йўлтўсиқлар ўрнатилган Қувасой кўчасидан ўтиб борарканмиз, бутунлай ўзгача тарзда янгидан қурилган уй-жой ҳовлиларини томоша қилаётиб, ҳамроҳим, таниқли шоира ва сенатор Энахон Сиддиқова бугунги кунда Фарғона ва фарғоналиклар қиёфасида шаклланган бир янги жиҳатга эътиборимизни тортди:

– Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида Фарғона шаҳрининг қайта қурила бошлагани аҳолининг ўз ҳаётига, турмуш тарзига бўлган муносабатини тубдан ўзгартириб юборди, – дейди шоирамиз.

– Мана бу қўшқаватли гўзал уйларга бир қаранг: илгари уларнинг ўрнида наридан-бери қурилган чор-ночор якка қават уйлар бўларди. Ҳаммаси бузиб қайта қурилди. Энди одамларнинг ўзи уй-жойини замонга муносиб қилиб қуришмоқда. Ҳукумат ёрдами ва даъвати билан ҳаммада бунёдкорлик туйғуси уйғонди.

Бутунлай қайта қурилган ана шу кўча таркибидаги «Гулистон» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Донохон Мамажонова суҳбатимизга қўр ташлаб шундай дейди:

– Қувасой кўчасининг эни 36 метрга кенгайди. Шунинг натижасида олтмишдан ортиқ эски уйлари бузилган хонадонларга 8-март кўчасидан ер берилиб, моддий ёрдам кўрсатилди. 34 хонадон эса қайта қуриш режасига киритилиб, янгидан тикланди.

Аввалги ўрнида қўш қаватли қилиб бутунлай янгидан тикланган шундай хонадонлардан бирига кирамиз. Уй бекаси Мукаррамхон Ғаниева бизни «Хуш келибсизлар», дея очиқ чеҳра билан кутиб оларкан, янги уй-жойини кўришга таклиф қилади.

– Илгари кичкина ҳовличада тиқилиб яшардик. Мана, қаранг, бузилган уйимиз эвазига давлатдан пул олиб шундай баҳаво ҳовли қуриб олдик, –дейди онахон. – Аввалги уйимиз билан бунинг ер билан осмонча фарқи бор. Энди шу жойнинг ўзида ҳам яшаб, ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имконимиз бор. Мана, қизимиз Мавлудахон дарров қўшни қизлардан олтитасини ёнига олиб, уларни миллий ширинликлар тайёрлашга ўргатди ва уйимизнинг биринчи қаватини мўъжазгина ишхонага айлантирди.

Дарвозахонадаги ушбу гурунгдан бизнинг Фарғонанинг қайта қуришдан кейинги янги қиёфасини томоша қилаётганимизни эшитган Мавлудахон ҳаммамизни ўз тадбиркорлик фаолияти билан танишишга таклиф этди. Миллий ширинлик тайёрлаш жараёни нечоғли қизиқарли бўлса, Мавлудахоннинг ўз лойиҳаси асосида курилган кўш қаватли уйнинг меъмо-рий ечимлари билан танишув ҳам шу қадар завқли саёҳат бўлди. Уйнинг ҳар қарич саҳнидан унумли фойдаланилгани ғоят таҳсинга лойиқ. Биринчи қаватда ширинликлар тайёрланадиган ва сотиладиган бўлмалар, иккинчи қаватда тадбиркорнинг мўъжаз офиси, қўшимча иш жойлари, ҳатто ширинлик тайёрловчи қизлар ортиқча юк кўтармаслиги учун лифт ўрнатиш ҳам кўзда тутилганини кўриб, беихтиёр, тадбиркорнинг зукколигига қойил қолдик. Мавлудахон вақтимиз зиқлигига қарамай офисига қўярда-қўймай дастурхон ёзиб, шу жойда тайёрланаётган миллий ширинликлардан татиб кўришни илтимос қилди. Хорижнинг киви ва ўзимизнинг олча мураббомиз қўшиб пиширилган ширинликни татиб, қандолатчи қизлар маҳоратига тасанно дедик. Мавлудахон Фарғона шаҳридаги барча супермаркетларга шундай турфа ширинликлар етказиб берар экан.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида вилоят марказида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик тадбирлари одамларнинг ҳаёт тарзини нечоғли ўзгартиргани, эскича ақидаларни бузиб юборгани, уларда яхши яшаш ва ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўлиш туйғусини уйғотгани моҳиятини мушоҳада этадиган бўлсак, тараққиётнинг ўзбек модели нафақат халқимиз руҳиятини кўтаргани, айни чоғда, онг ва тафаккурини ҳам кескин юксалтирганига амин бўласиз.

Шу ўйлар билан янги Фарғонанинг бениҳоя улуғворлик касб этган Санъат саройига ошиқамиз. Кейинги икки ярим йил ичида барпо этилган майдони қирқ гектарлик гўзал хиёбон марказида учишга шайланган оппоқ кабутардек бўлиб кўринган бу маҳобатли бино шаҳарнинг ўзига хос меъморий тимсолларидан бирига айланишга муносибдир. Ҳамроҳларимнинг айтишича, мазкур хиёбон ўрнида илгари ёғ-мой комбинати бўлган экан. Шаҳар экологиясини булғаб ётган шу ҳудуддан ўтганда одамлар оғиз-бурунларини тўсишиб, яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси эса ойна-ромларини бекитиб яшашаркан. Фарғона шаҳрини қайта қуриш юзасидан ишлаб чиқилган истиқбол режалари асосида комбинат шаҳар ташқарисига кўчирилибди. Унинг ўрнини обод қилиш бўйича амалга оширилган бунёдкорлик ишлари салмоғи ҳар қандай кишининг ақлини шоширади. Негаки, эски бино ва коммуникациялар қолдиғи билан тўлиб-тошган худудга ўн минг тупдан ортиқ манзарали дарахтлар экиб, мусиқали фавворалар куриб, жаннатмисол боғ-хиёбон яратиш учун шу ишга сафарбар этилган одамлар руҳиятида алпомишларга хос мардона шижоат, ҳаётни ўзгартириш, маънавиятни юксалтиришдек улуғ саховат жўш урмоғи керак эди. Шундай бўлди ҳам. Тошкентдаги шаҳарсозлик қурилишларини лойиҳалаш институти меъморлари томонидан ишлаб чиқилган минг ўринли томоша залига эга санъат саройига қадам кўяр эканмиз, улкан кемага улуғ уммонлар керак, деган ҳикмат бежиз айтилмагани кўнглимиздан ўтди. Қадимда, соҳибқирон Амир Темур ва темурий ҳукмдорлар даврида қад ростлаган мадрасаю миноралар, маҳобатли саройлару жомеъ масжидлари мамлакат қудратини намоён этган бўлса, юртимиз истибдоддан озод бўлиб, ўз эркини қўлга киритган мустақиллик замонида турли йўналишдаги автомобилсозлик корхоналари, қадим шаҳарларни боғлаган янги темир йўл ва кўприклар, улкан конлар, газ-кимё ва тўқимачилик корхоналари, замонавий лойиҳадаги янги қишлоқларгина эмас, меъморий жиҳатдан Марказий Осиё ва Европа шаҳарсозлиги ютуқларини ўзида мужассам этган маҳобатли музей ва театрлар, санъат ва маданият саройлари ҳам халқимиз иродаси, буюклигига тимсол бўлгуликдир. Фарғонада янгидан қад ростлаб, томошабинларга ўз эшикларини очишга тараддуд кўраётган санъат кошонасининг миллий услубда безатилган эшик ва устунлари, саҳна атрофидаги замонавий ёритгичлар, бамисли осмон гумбазининг бир парчасини улкан томоша зали узра намоён этган тип-тиниқ самовий манзара, санъаткор ва томошабинларга аталган шарт-шароитларни кўриб, саройнинг ўзи ҳам муҳташам санъат асари бўлибди, дейсиз.

Фарғонада болалар спорт мажмуалари, мусиқа ва санъат мактаблари қурилишига ҳам алоҳида аҳамият берилаётгани гувоҳи бўлдик. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 14 спорт мажмуаси ва заллари, мусиқа ва спорт мактаблари қурилиб, реконструкция қилинмоқда экан. Санъат саройига туташ шоҳкўчада қуриб битказилган муҳташам сув спорти мажмуаси ҳар бир фарғоналикнинг фахрига фахр қўшиши тайин. Мажмуа раҳбари Шерзод Умарқуловнинг айтишича, мазкур усти ёпиқ сув ҳавзасида қишин-ёзин бир хил мўътадил ҳарорат сақланиб, сувнинг ҳарорати 28-30 даража атрофида бўлар экан. Олимпия заҳиралари спорт коллежи талабалари учун қурилган мажмуа шаҳар аҳолиси фарзандларига ҳам хизмат кўрсатади. Сув ҳавзаси, машғулот ва машқ-тренажёр залларида болалар сузиш, синхрон сузиш ва сув полоси каби спорт турлари билан шуғуллана олади. Бир вақтнинг ўзида 120 спортчи ва сузиш ишқибозига хизмат кўрсата-диган мажмуада соатига 900 куб метр сувни тозалаб берадиган мукаммал хорижий ускуналар ўрнатилган. Барча заллар пол остидан иситадиган қурил-малар билан жиҳозланган. Фарзандлари соғлом ва баркамол бўлиб ўсишини, моҳир спортчи бўлиб етишишини истаган фарғоналиклар ҳозирнинг ўзиданоқ бу ерга келишиб, мажмуа билан танишиб, рўйхатларга ёзилишмоқда. Янги сув спорти саройи очиладиган кунни сабрсизлик билан кутишмоқда. Муаттархон Исаева, Нигорахон Тешабоева, Нафиса Алиева каби оналарнинг мажмуа раҳбари билан савол-жавобларини эшитиб, нигоҳларидаги шодлик ва бахтиёрликнинг гувоҳи бўларканмиз, истиқлол фарзандларининг баркамоллиги йўлида давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган буюк ғамхўрлик ана шу оналар учун тоғдек таянч бўлаётгани, уларнинг қалбига ўз ҳаётидан мамнунлик ва шукроналик бахш этаётганини теран ҳис этдик.

* * *

Саратон офтоби уфққа бош қўйган маҳал Фарғона узра гўзал оқшом чўка бошлади. «Тож маҳал» меҳмонхонасидан чиқиб, янгидан қайта қурилган Ал-Фарғоний шоҳкўчаси бўйлаб сайрга отланамиз. Она юрт манзараларига бетакрор тимсол излаган шоиримиз:

Яна ела бошлар оқшом нафаси,
Шеър они, ишқ они, меҳнат они бу.
Бу қуёш ўлкасин оташин саси,
Ўзбек диёрининг саратони бу, –

деб ёзганидек, боғ узра хушчақчақ кезиб юрган ёш-ялангларнинг шўх-шодон кайфияти, арғимчоқ учаётган болакайларнинг қувноқ кулгилари, фар-зандларини музқаймоқ билан сийлаб, мўъжаз қайиқчаларда сайр қилдираётган навниҳол ота-оналарнинг бахтиёр чеҳраларига боқиб, тинчлик ва осойишталик қадрини, ўз юртига эгаликнинг мўъжизакор қудратини бутун қалбинг билан ҳис эта бошлайсан.

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги боғга туташ қилиб қурилган Мустақиллик хиёбонидан оҳиста қадам ташлаб борарканмиз, икки ёнида фавворалар отилаётган, миллий услубдаги мўьжаз хордиқхоналар чорлаётган, анвойи чироқлар маржони кўзни қамаштираётган бу масканни негадир улкан шаҳарларнинг тунги тайёрагоҳларига менгзагимиз келди. Ҳақиқатдан ҳам салкам бир ярим чақирим масофага чўзилган хиёбоннинг икки ёнидаги маржон чироқлар уни самолётларнинг парвоз майдонларига ўхшатиб юбор-ганди. Ҳа, Фарғонадаги Мустақиллик хиёбонини ўзига хос парвоз майдонига менгзаганимиз асло муболаға эмас. Буни ҳис этмоқ учун оқшом салқинида ана шу хиёбон узра кезиб юрган ёш йигит-қизларнинг мусаффо кўнгилларига, истиқлол фарзандлари қалбларида мавж ураётган орзуларга кулоқ тутмоқ керак.

Кўнгилдан кечаётган бу ўйларни ўзи ҳам неча бор юрагидан ўтказган марғилонлик нозиктаъб шоир Исмоил Маҳмуд Мустақиллик хиёбони сайри-да туғилган ҳайрату ҳаяжонларини беихтиёр шеърга сола бошлади:

Чаманзор ичра Фарғона, кўнгил парвоз этар бўлди,
Ифорлар тўлди ҳар ёна, кўнгил парвоз этар бўлди.
 
Очилди ранг-баранг гуллар, наво ичра еру осмон,
Ки файзга тўлди дурдона, кўнгил парвоз этар бўлди.
 
Шарафланди азиз инсон ниҳол янглиғ бу боғ ичра,
Бу кун Боғбони парвона, кўнгил парвоз этар бўлди.
 
Улуғлик пояси ичра ўтар ҳар лаҳза, ҳар оним,
Шу даврон ичра осмона кўнгил парвоз этар бўлди.

 Мурод АБДУЛЛАЕВ.

One Response to ОРЗУЛАР ШАҲРИ

  1. Pingback: eduardo

You must be logged in to post a comment Login