ЁШ МУСИҚАЧИЛАР МАҲОРАТИ

МУСИКА

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Буни болалар мусиқа ва санъат мактаблари моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани, ёш истеъдод соҳибларини кашф этиш ҳамда уларга ўз истеъдодларини намоён қилишлари учун кенг имконият яратилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Биргина 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми 2004 йили қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш натижасида 1600 га яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, қарийб 10 мингта умумтаълим мактаби, 200 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактаби янгитдан барпо этилди ва реконструкция қилинди.

Ёш ўғил-қизларни янгидан кашф этиш, уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқариш учун кичик олимпиадалар номини олган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” спорт ўйинлари ташкил этилди. Шунингдек, бошқа кўплаб республика ва халқаро мусобақалар, кўрик-танловлар, интеллектуал ўйинлар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Муҳиддин қори Ёқубов номидаги республика ёш ижрочилар республика кўрик-танлови ҳам фикримизга мисол бўла олади. Танловнинг мамлакат босқичида Болалар мусиқа ва санъат мактабларидан 400 нафарга яқин иқтидорли ўқувчилар қатнашиб, ўз ижрочилик маҳоратларини намойиш этишди.

Бувайда туманидаги 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларидан Ш.Абдулҳамидовнинг ғижжакда, М.Мамажонованинг чангда ижро этган куйлари танловнинг нуфузли ҳакамлари ҳамда шу соҳа мутахассислари томонидан юксак эътироф этилди. Йўналишлар бўйича иштирок этган вилоятимизнинг  7 нафар ёшлари ўз истеъдодларини намоён этиб 1-ўринга лойиқ топилдилар. Улар Халқ таълими вазирлигининг 1- ва 2-даражали дипломлари  билан тақдирланди.

Туман ҳокимлиги томонидан ёш иқтидор эгаларига барча шароитлар яратиб берилган. Бунинг самарасида ўқувчилар вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган нуфузли танловлар, концертларда мунтазам ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, ўтган йили июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари  ва Халқ таълими вазирликлари, “Соғлом авлод” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон-Швейцария элчихонасининг ҳамкорлик бюроси, Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси ҳамда  “Сўғдиёна” миллий чолғучилар камер оркестри биргаликда ташкиллаган республика фестивалида 17-болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Шодиёна” оркестри 1-ўринни эгаллаб қайтган эди.

You must be logged in to post a comment Login