ФАРҒОНАДА 6 ОЙЛИК САРҲИСОБ

251

Фарғона вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда жорий йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш.Ғаниев, Республика вазирлик, идоралари масъул ходимлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари, назорат қилувчи идоралар, бошқармалар, тижорат банклари раҳбарлари, шаҳар, туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, корхона ва тегишли ташкилот раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Шаҳар, туман студияларида ҳам ҳудудлар фаоллари қатнашди.

Вилоятимиз ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат ва коммуникация тармоқлари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 107,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 110,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 107,5 фоиз, пудрат ишлари ҳажми 111,5 фоиз, чакана савдо айланмаси 112,5 фоиз ҳамда пуллик хизматлар ҳажми 110,3 фоизга ўсди.

Замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш изчил давом эттирилмоқда. Экспорт қилувчи корхоналарнинг кенг қўллаб-қувватланаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилаётгани самарасида вилоятнинг бу борадаги салоҳияти муттасил ошиб бормоқда. 2014 йилнинг I-ярим йиллигида маҳсулотлар экспорти 217,0 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Мажлисда вилоятда қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимини (“бизнес билан шуғуллан” тамойили бўйича) янада яхшилаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашнинг қабул қилинган дастурлари амалга оширилишини жадаллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар чуқур таҳлил этилди.

Бунда асосан тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-тамойилларини амалга оширишда, ер майдонларини ажратиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда, шунингдек, уларни кредитлашда давлат, назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари орасида бевосита мулоқотни, бюрократик тўсиқлар, сансалорлик ва коррупцияни истисно этувчи электрон тизимга, шу жумладан, интернет тармоғига кенг миқёсда ўтишни таъминлаш, “Ягона ойина” марказларида барча хизмат кўрсатиш корхоналарининг “бир дарча” тамойили асосида хизматларни ташкил этиш ҳамда “Интернет-банкинг” тизими орқали барча тўловларни тўлаш ва бошқа тадбирларни амалга оширишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий-иқтисодий соғломлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган “йўл хариталари”ни бажарилиши таҳлил этилди.

Президентимизнинг 2014 йил 3 июлда қабул қилган “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан бузиладиган, “Нол” харид қийматида бериладиган, хусусийлаштириладиган объектлар аниқ белгилангани, кейинчалик мазкур объектларда янги турдаги корхоналар ташкил этиш ҳисобига қўшимча янги иш ўринлари яратиш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.

Жорий йилда вилоятимиздаги касб-ҳунар колежларини 60903 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, ҳозиргача уларнинг 17,1 фоизи иш билан таъминланди. Шу йилнинг сентябрь-октябрь ойларида эса қолган битирувчиларнинг бандлиги тўлиқ таъминланади.

Вилоятдан норасмий равишда ишлаш учун четга чиққан фуқароларнинг 73130 нафари яшаш манзилларига қайтарилиб, уларни кафолатли иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Иккинчи ярим йилликда бандлик дастурига мувофиқ 47 мингта янги иш ўринлари яратишлиши белгиланган бўлсада, бунга қўшимча яна йирик саноат, озиқ-овқат саноати корхоналарида, имтиёз берилган, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарда, коммунал соҳа идораларида, фермер хўжаликларида, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларида янги иш ўринлари ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Таъкидландики, вақтида илм олиш, касб-ҳунар эгаллашдек муҳим вазифани ортга ташлаб, ота-онасининг дийдоридан, яқинларидан, юртидан узоқда, бегона жойларда ризқ топаман, деб, сарсон-саргардон бўлиб юрган ва оқибатда оғир касаллик орттириб қайтаётган вояга етмаган ўғил-қизнинг эртанги тақдири барчани чуқур ўйга толдириши ва буни олдини олиш учун маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам давлат ташкилотларига камарбаста бўлиб, бирдек жон куйдириши керак.

Чет мамлакатда ҳар хил ишлар билан машғул бўлиб юрган биргина юртдошимизнинг яшаш тарзини кўз олдимизга келтирайлик. Ноқонуний йўл билан ўзга бир давлат ҳудудида юргани туфайли, у на бир тайинли иш ва на бир кафолатли ётоқхона билан таъминланган. Қолаверса, унинг ярим тунда майда безорилар томонидан калтакланмаслик ёки борингки, ҳаётга тажовуз қилмасликка ҳеч қандай кафолат йўқ. Иссиқ жон деганларидек, бирор бир касалга чалиниб қолганда эса ўзимиздагидек бепул, кафолатли тиббий хизмат кўрсатилмайди. Шунингдек, фуқаро ноқонуний равишда кетгани учун ишлаётган мамлакатидан унинг жамғариб бориладиган пенсиясига ҳеч қандай фоиз ўтказилмайди ва бир кун келиб нафақа ёшига етса, давлатдан ҳеч қандай ёрдам ололмай қолади.

Йиғилишда масаланинг ушбу жиддий ва нозик томонлари алоҳида тилга олиниб, юртимизда ноқонуний миграциянинг олдини олиш, уни тартибга солиш ҳамда хориждаги фуқаролар, айниқса, ёшларни қайтариш ва ишга жойлаштиришда маҳаллий ҳокимлик, шу билан бирга, масъул вилоят бошқарма ва ташкилотларнинг вазифалари қатъий белгиланди.

Музокараларда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Т.Холдоров, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Э.Сиддиқова, шаҳар, туман студияларидан эса Қува тумани Қайирма маҳалла фуқаролар йиғини раиси С.Комилова, Фурқат тумани “Шойимбек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Узоқов, Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарча фуқаролар йиғини раиси З.Аббосовалар сўзга чиқишди.

Мажлисда зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналар фаолияти ҳамда ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетиб, алданган фуқаролар қисмати ҳақида видеофильм намойиш этилди.

Йиғилишда эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни ҳар бир раҳбар чуқур таҳлил этиб, керакли хулосани чиқариши, йилнинг қолган даврида белгиланган ҳар бир вазифани чуқур масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан бажариши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоятимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари ва уларни муваффақиятли ҳал этиш чора-тадбирлари хусусида келишиб олинди.

Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login