Сўх телестудияси ташкил топганига 15 йил тўлди

14041932720563

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда матбуот ва электрон оммавий ахборот воситалари тизимини такомиллаштириш, моддий техник базасини яхшилаш, унда фаолият кўрсатаётган ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муносиб рағбатлантириш, бу орқали сифатли ва савияли босма матбуот нашрларини чоп этиш, телекўрсатув ва радиодатурларни тайёрлаб, халқимиз эътиборига ҳавола этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борада ҳудудларда фаолият кўрсатаётган телестудияларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Фарғона вилоят телерадиокомпаниясига қарашли Сўх телестудиясининг ижодий жамоаси ҳам ана шу эзгу ишлар йўлида самарали фаолият кўрсатиб келишмоқда. Туманда бугунги кунда барча соҳада ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, уни халққа етказиш, тарғибот ташвиқот ишларини олиб боришда студия ҳодимлари доимий фаолликда меҳнат қилмоқда.

Туманда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларни ёритиш, даврнинг долзарб масалаларини акс эттирган, одам савдоси, эрта турмушнинг олдини олиш, қариндошчилик никоҳларининг салбий оқибатлари, ёшларни информацион хуружлардан ҳимоя қилиш мавзуларидаги  туркум кўрсатувларни тайёрлаб, эфирга узатиш, бу орқали аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш бўйича телестудияда қатор амалий ишлар бажариб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Сўх телестудияси 1999 йилда малакали журналист Фарҳоджон Миршарипов раҳбарлигида ўз фаолиятини бошлаган. Ўшанда студия ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунларида бор йўғи ярим соатгина вақт оралиғида эфирга чиққан бўлса, бугунги кунга келиб, сешанба, чоршана, пайшанба ва шанба кунларида 8 соатлик эфир давомида кўрсатувлар 70 мингдан зиёд Сўх тумани аҳолисига намойиш қилинмоқда. Телекўрсатувлардан қўшни мамлакатлар аҳолиси ҳам баҳраманд бўлишмоқда. Бундан маълумки, ўтган қисқа йиллар давомида студия фаолияти янада ривожланди, жамоага билимли, истеъдодли журналистлар жалб қилинди, замонавий янги апаратуралар, монтаж компьютерлари, кўчма телевизион студияси билан таъминланди.

2010 йилда “Мураккаб шароитларда (фавқулодда вазиятлар, атроф муҳит ва экология муаммолари) тайёрланган энг яхши репортаж учун” номинацияси бўйича телестудия раҳбари Ф.Миршарипов “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори бўлди. 2013 йилда эса вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шоири остида ўтказилган кўрик-танловнинг “Энг яхши телекўрсатув” номинацияси бўйича “Сўх ТВ” ходимлари иккинчи ўринни олишга ҳамда вилоят ҳокимининг II даражали дипломини қўлга киритдилар.

Телестудиянинг аҳил жамоаси олдида ҳали яна амалга оширилиши лозим бўлган муҳим мақсад ва вазифалар ҳам борки, уни бажаришда ижодий ва техник ходимлар ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликка суяниб, юксак натижаларга эришишлари шубҳасиз.

You must be logged in to post a comment Login