ЮРТБОШИМИЗ ИШОНЧИ – ОЛИМПИАДА ЧЎҚҚИЛАРИНИ ЭГАЛЛАШГА ДАЪВАТ ЭТАДИ

4

Муҳтарам Юртбошимизнинг Фарғона вилоятига сафарлари давомида яқиндагина қуриб битказилган, ҳали бўёқ ҳиди анқиб турган муҳташам сув спорти саройига ташрифлари, кўзида ишонч барқ уриб турган жажжи сув спорти билан шуғулланувчи иқтидор эгалари билан суҳбатлари ҳаммамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтариб юборди.

Чунки юртимиздаги эртага ишонч ва умид билан қараётган баркамол авлоднинг энг буюк орзуси шу қадимий юртга, Президентимизга муносиб фарзандлар бўлиб етишишдан иборат.  Ҳурматли Юртбошимиз бир неча бор таъкидлаганларидек диёримизда амалга оширилаётган барча олижаноб ҳаракатларнинг негизида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодларни тарбиялаш орзуси мужассамлашгандир. Дарҳақиқат, болалар спортини ривожлантириш мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишда амалга оширилаётган эзгу ишларнинг устивор йўналишини ташкил этади.

Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам бу йўналишда асрга тенг ишлар амалга оширилди. Биргина Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан шаҳар ва туманларда 120 та спорт иншоотлари бунёд этилди ва замонавий спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. Ҳозир вилоятда олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган ёшларнинг 48 фоизи спорт ва жисмоний соғломлаштириш машғулотларига жалб этилган. Мавжуд 41 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида минглаб ўғил-қизлар спортнинг 20 дан ортиқ турлари билан мунтазам равишда шуғулланмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз сув спорти саройимизга кириб келганларида ёш спортчиларимизнинг кўзларида чақнаган нурдан қувониб кетишди. Чунки эндигина 10-12 ёшга қадам қўйган, спортнинг сирли оламига эндигина кириб келаётган бу жажжи иқтидор эгалари мамлакатимиз раҳбарига энг катта орзулари 2014 йилда ўтказиладиган олимпиада мусобақаларида иштирок этиш, мамлакатимиз байроғини нуфузли мусобақада баланд кўтариш эканлигини ёниб, чақмоқдай чақнаб айтиб беришди. Раъно Олимова, Мубина Сайфуддинова, Музайяна Мавлонқулова Президентимиз “сизларга яна қандай имкониятлар яратиб берсам юксак марраларни эгаллайсиз” деганларида шу яратиб берилаётган имтиёзлар, шарт-шароитлар дунёнинг бирор-бир мамлакатида йўқ, оталарча бошимизни силасангиз албатта олимпиада чўққиларини забт этамиз деб жавоб беришди.

Айниқса, Президентимизнинг мен билан қилган дилдан суҳбатлари бир умр ёдимда қолади. У кишининг сузиш спортининг мукаммал билишлари, бу соҳа қоидаларини чуқур билимдони эканлиги мени ҳайратга солди. Мен у кишига мазкур сув спорт саройида бир вақтнинг ўзида 170 та спортчини шуғулланиши учун барча имкониятлар мавжуд эканлиги ҳақида ҳикоя қилиб бердим. Бу ерда узунлиги 50 эни 21 метр бўлган саккизта сув йўлагида жаҳон ва Осиё миқёсидаги мусобақаларини бемалол ўтказиш мумкин. Чунки бу хавза сув спорти бўйича ўтказиладиган мусобақаларга қўйиладиган барча талабларга, стандардларга жавоб беради.Сув спорти билан шуғулланувчи учун сув хавзасининг аҳамияти жуда катта. Чунки спортчи тор хавзада шуғулланиб, сўнг йирик мусобақаларда бошқа хавзада мусобақада қатнашса бу натижага катта таъсир қилади. Юртбошимиз ташриф буюрган сув спорт саройи эса тўласича жаҳон стандардларига жавоб беради. Бошқача қилиб айтганда бу ерда машғулот ўтказган спортчи халқаро турнирларда ўз уйидаги сув спорти иншоотида қатнашаётгандек бемалол, хайиқмай иштирок этади. Шубҳасиз, Юртбошимизнинг ташрифлари биз сув спорти билан шуғулланувчиларнинг янги марраларни, чўққиларни эгаллашига даъват этади.

Омонжон КОМИЛОВ,
Ўзбекистон сузиш федерацияси Фарғона вилоят бўлими раҳбари, Олий тоифали спорт ўқитувчиси, сузиш бўйича Ўзбекистон спорт устаси.

You must be logged in to post a comment Login