АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ

SHQ_6825

Ўзбекистонда она-бола саломатлигини муҳофаза қилиш, уни асраб авайлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бу борада турли интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда.

“Фарғона нефтни қайти ишлаш” корхонасига қарашли спорт мажмуасида аёллар спорт фестивали ўтказилди. Унда шаҳар ва туманларда ғолиб бўлган 400 дан зиёд уй бекалари спортнинг етти тури бўйича ўзаро беллашдилар.

“Соғлом она–соғлом бола” шиори остида ўтказилаётган фестиваль чин маънода катта спорт байрамига айланиб кетди.

Спорт байрамининг тантанали очилиш маросимида сўз олганвилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Ходжаева юртимизда хотин-қизлар спортига бўлган эътибор, ушбу мусобақанинг аҳамияти ва мақсадларига тўхталди, иштирокчиларга омадлар тилади.

Шундан сўнг аёллар спортнинг гимнастрада, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, сузиш ва волейбол турларида ўзларини синашга киришдилар. 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёллар 100 ва 800 метрга югурсалар, 35 ёшдан катталар 100 ва 400 метрга югурдилар.

Спорт фестивалида аёллар эркин сузиш ва жамоа эстафетасида бор кучлари билан ғолиблик учун курашдилар.

Етти йўналишдадаги мусобақаларда фаоллик ва шижоат кўрсатган фаол уй бекалари учун байрам дастурхони ёзилди. Дилрабо тароналар уларга аталди.

Иштирокчиларни тақдирлаш маросимида сўз олган Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Нилуфар Тожибоева бугунги маҳорат ва эпчиллик, спортга бўлган муҳаббат аёлларимизни тарк этмаслигини, она соғлом экан фарзандлар баркамол бўлишини таъкидлади. Қувасойлик аёллар 1-ўринга лойиқ деб топилиб, уларга ҳомийлар томонидан компьютер жамланмаси топширилди.

– Ўтган йили спортнинг сузиш тури бўйича фестивалда иштирок этиб, иккинчи ўринни олган эдим. Бу йил биринчиликни олишга астойдил интилдим. Неварамнинг қўллаб-қувватлаб тургани менга янада куч бағишлади. Марғилонлик аёллар сузишда имкониятларни бой бермадик, –дейди уй бекаси Зулайҳо Мақсудова.

You must be logged in to post a comment Login