ЯХШИ ИНСОН БЎЛИШГА ВАЪДА БЕРДИЛАР

Фарғона шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланувчиларни мактабга кузатув маросими ўтказилди.

Кўзлари ёниб турган 21 нафар болажонга “Меҳрибонлик уйи”да тарбиячи, энага ва қатор мутахассислар тарбия бериш билан бир қаторда, улардаги қобилият ва иқтидор ғунчаларини шаклланишига ёрдам бердилар. Ўқиш, ёзиш, математик сабоқларни ўрганишга иштиёқи баланд  тарбияланувчилар бугун мактаб остонасига қадам қўйиш арафасида.

Мактабга кузатиш тадбирида иштирок этган опажонлари, меҳмонлар олдида кичкинтойлар “Меҳрибонлик уйи”да ўрганганларини намойиш этишга ҳаракат қилдилар. Улар ҳарфлар ёрдамида бемалол сўз туздилар, тўғри ва тескари санаб бердилар, саволларга жавоб топишга интилдилар. Ўйинчоқлари билан хайрлашиб, дафтар-китоблар билан дўстлашишга ошиққан болажонлар бу ердаги олган таълим-тарбиялари учун барча опажонларига самимий миннатдорчиликларини билдирдилар. Болаларча тоза қалб билан айтилган меҳр тўла изҳорлар барчани бирдек тўлқинлантирди.

 Тадбирда табрик учун сўз олганлар болаларга мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқишларини, келгуси ҳаётларида омад  ёр бўлишини тиладилар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг мактабга кузатилаётган болаларга аталган совғалари уларнинг кичик кўнгилларини тоғдек кўтариб юборди.

“Меҳрибонлик уйи”нинг жажжи тарбияланувчилари, “Мурувват уйи”нинг истеъдодли болалари ўз ака-опаларини шеър, қўшиқ, рақслари билан табрикладилар.

Ҳаяжонли ўтган хайрлашув кечасида  тарбияланувчилар катта бўлганда ким бўлмоқчи эканликларини бирма-бир айтиб, қайси касбни танлашларидан қатъи назар албатта яхши инсон бўлишга ваъда бердилар.

Бу кичкинтойларнинг омадли ва бахтли кунлари ҳали олдинда. Уларнинг ўқиб-изланишлари учун юртимизда барча эшиклар очиқ. Демак, тарбияланувчиларнинг эл хизматига камрабаста инсонлар бўлиб етишишлари учун асос бор.

You must be logged in to post a comment Login