Фарғонада тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 149,5 млрд. сўм миқдорида банк кредитлари ажратилди

Ўзбекистон Президентининг шу йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари томонидан   ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни сезиларларли даражада ўсишига ёрдам беради.

“Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон тадбиркорлик субъектлари билан назорат қилувчи органлар ўртасида ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга оширадиган, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи тадбиркорлик субъектларини 3 йилдан ошмаган муддатгача текширув ва мораторийдан ўтказмаслик, 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб, саноатнинг кўп меҳнат талаб қилинадиган айрим тармоқлари (енгил саноат, қурилиш, озиқ-овқат) даги кичик корхоналарда ўртача йиллик ишчи-ходимлар сонини 200 нафар белгиланиши, (аввал кичик корхоналарда ўртача йиллик ишчи-ходимлар сонини 100 нафардан оширмаслик белгиланган), республика давлат бюджетига тўловни амалга ошираётган кичик корхонлардан банк хизмати ундирилмаслиги кўрсатилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига рухсатнома характерига эга хужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш тартиби, муддатларини доимий веб-сайт орқали жойлаштириб бориш, кичик тадбиркорлик субъектлари 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб 1 йилда бир марта статистика ҳисоботларини топширишлари белгилаб қўйилган.

“Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда эса тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш мақсадида лицензиялашни ва рухсат этиш характерига эга хужжатларни бериш механизмларини янада соддалаштириш кўзда тутилган. Қарорда тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензияларни олишда белгиланган кунларни қисқартирилиши ва тақдим қилинадиган хужжатларни камайтирилиши, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятларни янада оммалаштириш мақсадида 2014 йилнинг 1 октябридан бошлаб, интерактив давлат химзатлари ягона порталида “тадбиркорлик субъектининг кабинети” ни ишлашини йўлга қўйилиши натижасида тадбиркорлик субъектларига молия, солиқ, статистика бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим қилиш, 2014 йилнинг 1 июнидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича электрон шаклда, маҳаллийлаштириш дастурига талабномаларни киритиш, миллий валютадаги 1 йилгача муддатга кредит олишга доир ҳужжатларни хизмат кўрсатувчи банкка тақдим қилиш имкониятлари берилган.

Президентимиз, хукуматимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган Фармон ва қарорлар тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2014 йилнинг I-чораги якунига кўра, вилоятимизда кичик бизнес субъектлари сони 22449 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1739 тага ортганлигини, кичик бизнес субъектларининг ЯҲМ даги улуши 48,4 фоизни ташкил этиши ёки ўтган йилга нисбатан 1,5 бандга ошиши, умумий бандликдаги улуши эса 78,0 фоизга етиши фикримиз тасдиғидир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 149,5 млрд. сўм миқдорида банк кредитлари ажратилиб, бу кўрсаткич 2013 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 мартага ортиши, уларнинг саноатдаги улуши ўтган йилги 17,3 фоиздан 27,3 фоизга, қурилишда – 80,7 фоиздан 87,4 фоизга, жами хизматларда 56,8 фоиздан 61,2 фоизга кўтарилиши элимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.

Шуниси эътиборлики, вилоятимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий хом-ашёлар негизида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, корхоналарда модернизация ва диверсификацияда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган 2013 йилда “Фарғона вилоятини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури” га асосан, енгил саноат, қурилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 384 та лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, 8 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.  2014 йилда мазкур йўналишларда 400 га яқин лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 10 мингга яқин иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 апрелда қабул қилинган Фармонига асосан, енгил саноат, озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига 200 тагача бўлган иш ўринлари яратилган такдирда ҳам кичик бизнес субъектлари ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Бу ўз навбатида корхоналарда янги иш ўринлари сонинини оширилишига, кичик бизнес субъектлари сифатида ягона солиқ тўловини тўлаши ҳисобига корхоналарда қўшимча маблағлар шаклланишига ва ишлаб чиқаришнинг янада ошишига хизмат килади.

You must be logged in to post a comment Login