ҚЎҚОН ШАҲРИДА ОҒИРЛИГИ 13,325 КГ БЎЛГАН 1917 ЙИЛГА ТЕГИШЛИ ОЛТИН ЁМБИ ТОПИЛДИ

12

Ёзма манбаларда “Хўқанд”, “Хўқанди Латиф” номи билан аталган бу қадимий шаҳар азал-азалдан сайёҳлар эътиборини ўзига тортиб келган. IX-X асрларда яшаб ўтган араб сайёҳларидан Абу Исҳақ ал Истахрийнинг “Китоб масолик ал-мамолик” (“Мамлакатлар йўллари тўғрсида китоб”) ҳамда Ибн Ҳавқалнинг “Китоб ал-масолик ва-л-мамолик” (“Йўллар ва мамлакатлар тўғрисида китоб”) асарларида Қўқон номи тилга олинган.

Яна бир араб олими, машҳур сайёҳ Ёқут Ҳамавий (1179-1223) “Мўъжам ул-булдон” (“Мамлакатлар луғати”) китобида шаҳар ҳақида гапириб, X асрда яшаган Абу Таййиб Хўқандий шу ерда туғилиб ўсганини таъкидлаган эди. Афсуски, мўғуллар истилоси туфайли бутунлай вайрон бўлган шаҳар ҳақида кейинги беш аср давомида яратилган ёзма манбаларда маълумотлар деярли учрамайди. Фақат Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да уни “Хўқон урчани” тарзида эслаб ўтган.

XVIII асрга келиб – шаҳар хонлик пойтахтига айлангач, у яна “Хўқанд” номи билан кўплаб тарихий, илмий ва бадиий асарларда эътироф қилина бошланди. Ҳиндистон – Хитой карвон йўлида жойлашган Қўқоннинг сайёҳлар эътиборини жалб этиши бежиз эмас эди. Аввало, шаҳар Фарғона водийсининг энг хушманзара ва обод қисмида жойлашганди. 1871 йили бу ерга келган рус географи, сайёҳ А.П.Федченко хотиралари фикримизни қувватлайди. Тадқиқотчи “Туркистонга саёҳат” асарида ёзишича, у Қўқонда жанубга – Исфарага йўл олар экан, шаҳардан бироз узоқлашиб, ортига ўгирилиб қарайди… Қўқон унинг кўзига четлари уфққа тутишиб кетган ям-яшил катта тир боғ қиёфасида намоён бўлади. Манзара оламни мафтун этади. Бундай бепоён кўркам, боғлар силсиласини у ҳали Ўрта Осиёнинг бирор ерида учратмаган эди. “Буларнинг барчаси фақат инсон қўли билан яратилганини билиб туриб ҳам пастда ястаниб ётган манзарадан ҳайранмаслкнинг иложи йўқ эди” деб ёзади олим ўз хотираларида. “Хўқанд” сўзининг этимологиясини айрим олимлар “гўзал, ёқимли шаҳар” деб шаҳрлаганликлари ҳам, эҳтимол, шундандир…

Шаҳар хонлик маркази мақомига эга бўлгач, бу ерда савдо-сотиқ, ҳунармандчилик тараққий этди, маданий юксалиш бошланди. Қўқон Ўрта Осиёда кўзга кўринган шаҳарлардан бири сифатида шуҳрат топди.

1814-187 йиллар мобайнида Қўқонда бўлган рус олим ва сайёҳлари берган маълумотларга кўра, ўша пайтлари шаҳарнинг атрофи баланд деворлар билан ўралган, 12 дарвозага эга бўлган. Ҳар бир дарвоза маълум ном билан аталган. Шаҳар ичи 4 даҳа (қисм)га бўлинган. Қўқонда ўша пайтлар 40 та мадраса, 300та масжид, 120 та мактаб фаолият кўрсатган. Афсуски, масжид ва мадрасаларнинг аксарияти салкам бир ярим асрлик мустамлака даврида бузиб ташланган. Лекин бизнинг кунларгача сақланиб қолганларининг ўзи ҳам ҳали-ҳануз сайёҳларни ҳайратлантириб келади.

Қўқон Ўрта Осиёда садо маркази сифатида ҳам довруғ қозонган. Маълумотларга қараганда, 1830 йили бу ерда олтита бозор бор эди. Улардан иккитаси маҳаллий аҳоли учун хизмат қилган бўлса, тўрттасини чел эллардан келган савдо карвонлари эгаллаган. Якшанба ва чоршанба кунлари бу бозорларда 20 дан ортиқ турдаги маҳсулот сотилган. XX аср бошида савдо дўконлари сони 5000 тага етган. Бу вақтда шаҳар Ўрта Осиёдаги асосий савдо марказларидан бирига айланганди.

Кўриниб турибдики, Қўқон қадим-қадимдан ўзининг қувваи ҳофизаси, адабиёти, маданияти, санъати ва тадбиркорлиги билан етти иқлимга донғи кетган.

Россиялик олимларнинг шаҳар тарихи, маданияти, санъати, табиий бойликлари, иқлимини ўрганганликлари ҳам бежиз эмас, албатта.

Чор Россияси даврида хонликнинг бойликлари инсофсизларча ўғирлангани бизга тарихдан маълум. Инқилобдан аввал Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман Қўқон хони Худоёрхоннинг қирқта аравадаги хазина бойликларини тортиб олиб, ўзини Оренбург турмасига қамагани ҳам фикримизга мисолдир.

Ўз бойлигингга ўзинг эга чиқолмайдиган кунлар ўтди. Хайриятки, мустақилликка эришдик.

Қадимий Қўқоннинг иқтисодий-ижтимоий нуфузи, маданияти, ободончилиги, фаровонлиги мустақиллик туфайли нафақат ўз ҳолига қайтди, айниқса, юксалди.

2008-2010 йилларнинг ўзида Президент Ислом Каримовнинг Қўқон шаҳри архитектура қиёфаси, инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, саноатини ривожлантириш, ободонлаштириш юзасидан учта муҳим қарор ва фармойиши бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Беш-олти йил нарида Қўқонни кўрган одам бугун шаҳарга келса уни танимай қолиши ҳеч гап эмас. Кенг равон кўчалар, пастак уйлар ўрнидаги икки-уч қаватли иншоотлар, янги шинам уйлар шаҳар қиёфасини мутлақо ўзгартириб юборди.

Таълим, тиббиёт, спорт, мусиқа ва санъат соҳасида амалга оширилган ишларни айтиб ўтишнинг эса ҳожати бўлмаса керак.

Энг муҳими, меҳнаткаш, меҳмондўст қўқонликларнинг шукроналик кайфияти, соҳалардаги ислоҳотларга ўзларининг қўшаётган муносиб ҳиссалари қувонарли, албатта.

Буюк бунёдкорлик ишлари ҳали ҳамон давом этмоқда.

Жорий йилнинг 7 июнь куни Қўқон шаҳар Сувоқава корхонаси ишчилари Ҳамза Умаров номидаги Қўқон шаҳар драма театри орқасидаги канализация тармоқларини таъмирлаш жараёнида олтин ёмби топилди. Кеч соат 20:15 ларда корхонанинг 5 нафар ишчиси томонидан топилган олтин ёмбининг оғирлиги 13,325 кг., узунлиги 20 см, эни 10 см, қалинлиги 3 смни ташкил этади. Олтин ёмбининг чап ўнг томонларида БОД 1182 ёзуви ҳамда устида Империянинг герби ва 1917 ёзуви мавжуд. Ҳозирда олтин ёмби 500 минг долларга баҳоланмоқда.

Хонлик бойлигининг микдори ҳеч қачон аниқ бўлмаган. У доимо узлуксиз равишда йилма-йил тўлдирилиб борилган ва ўта махфийликда ер остида сақланган. Корхона ишчиларининг таҳсинга лойиқ ишлари туганмас бойликдан бир томчи бўлса эжаб эмас

You must be logged in to post a comment Login