Фарғоналик Нафиса Мўминова Грузияда ўтказиладиган FIDE Гран-присининг навбатдаги босқичида иштирок этади

Muminova2

Нафиса Мўминова 1990 йил 1 февраль куни Ўзбекистон туманидаги Қумбости қишлоғида туғилган. Тўрт ёшидан шахмат сирларини ўрганиб келади.  Ҳозирда Тошкент Давлат Жисмоний тарбия институтининг битирувчиси.

Турли ёш тоифасида тўққиз карра Ўзбекистон чемпиони. Уч марта аёллар ўртасида мамлакат чемпиони. Икки карра Марказий Осиё минтақавий турнири ғолиби. Жаҳон ва Осиё чемпионати иштирокчиси. Осиё ўйинларининг кумуш ва бронза медаллари соҳиби. Марказий Осиё кубоги ва Г.Аъзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир ғолиби. “Ўзбекистон Ифтихори” фахрий унвони соҳибаси

Етти йилдан буён мамлакатимиз терма жамоаси сафида Греция, Германия, Польша, Ҳиндистон, Туркия, Бразилия, Хитой, Россия каби қатор мамлакатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Айни кунда Марказий Осиёда энг юқори рейтингга эга шахматчи қиз. Халқаро тоифадаги гроссмейстер унвонига эга.

Нафиса Мўминова жорий йил 18 июнь – 2 июль кунлари Грузиянинг Телави шаҳрида хотин-қизлар ўртасида FIDE Гран-при турнирининг навбатдаги босқичида иштирок этади. Дунёнинг етакчи гроссмейстерлари иштирокида ўтказиладиган мазкур мусобақада Нафиса ҳам ғолиблик учун баҳс юритади.

Турнир айланма тизимда ўтказилиб, 11 турдан иборат бўлади. 18 июнда FIDE Гран-При турнирининг тантанали очилиш маросими ўтказилса, 19 июндан баҳслар бошланади.

– Бу галги мусобақада мендан ташқари, хитойлик гроссмейстерлар Хоу Ифан, Чжао Сюэ, Цзюй Венцзюн, ҳиндистонликлар Хампи Конеру, Харика Дроновалли, словакиялик Анна Музичук, грузиялик шахматчилар Бела Хотенашвили ва Нана Дзагнидзе, россиялик Александра Костенюк, болгариялик Антуанета Стефанова ҳамда арманистонлик Элина Даниелянлар ҳам иштирок этишади, – дейди Нафиса. – FIDE Гран-присининг сўнгги босқичи эса Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ташкил этилади. Рақибларимнинг имкониятларини жуда яхши биламан. Ўтган Гран-придан тўғри хулосалар чиқарилди. Ўйлайманки, бу галги мусобақадаги натижаларим янада ижобий бўлади.

Ҳамюртимизнинг мазкур мусобақада ғалаба қозонишига тилакдошмиз! Оқ йўл, сенга Нафиса!

You must be logged in to post a comment Login