ФАРҒОНАДА КАРАТЭ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА БИРИНЧИЛИГИ ЎТКАЗИЛДИ

Фарғона шаҳридаги олимпия захиралари коллежида Республика Каратэ миллий федерацияси ҳамда Фарғона вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида каратэ клублари ўртасида “Соғлом бола йили”га бағишланган Республика очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

251

Муросасиз баҳсларга бой бўлган турнирда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган етук спортчилар, Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионатлари иштирокчилари ва совриндорлари иштирок этдилар.

Фарғона шарафини эса Шарқ якка курашлари бўйича уч карра Олимпиада чемпиони, қора белбоғ 4 дан соҳиби Мўйдин Собиров, Ўзбекистоннинг 4 карра чемпиони, қора белбоғ 3 дан соҳиби Мурод Мустафоев, Осиё чемпиони, қора белбоғ 2 дан соҳиби Иқбол Узоқов ҳимоя қилдилар.

Эллик тўрт вазн тоифасида бўлиб ўтган мусобақаларда 160 спортчи иштирок этди. Уларнинг 20 нафарини эса қизлар ташкил этди.

– Иштирокчиларнинг аксарияти халқаро мусобақаларда юқори кўрсаткичларни қўлга киритган каратэчилардир, – дейди турнир ғолиби, уч карра Олимпиада чемпиони, қора белбоғ 4 дан соҳиби Мўйдин Собиров. –Шундай умидли спортчилар иштирокидаги курашлар муросасиз ўтди. Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Фарғона вилояти I ўринни, Тошкент шаҳри ҳамда Наманган вилояти жамоаси эса II- III ўринларни эгаллашди.

You must be logged in to post a comment Login