Ўзбекистон хорижий инвесторларга қулай муҳит яратилган

MQM_8552

Республикамизни ташқи иқтисодий фаолиятнинг тўлақонли субъекти сифатида фаолият олиб бориши йўлида ҳукуматимиз томонидан ўлкан вазифалар амалга оширилмоқда. Иқтисодий ислоҳотларни барча соҳаларда янада чуқурлаштириш бўйича қўйилган вазифалар ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштиришни давом эттириш билан узвий боғлиқдир. Бу эса, мамлакат иқтисодиётига чет эл сармояларини кенг жалб қилишни ва халқаро хуқуқ нормаларига мос келадиган энг қулай қонуний шароитларни яратилишига олиб келмоқда.

2013-2014 йилларда Фарғона, Қўқон ва Қувасой шаҳарларида ташкил этилган халқаро бизнес форумлар фикримизнинг ёрқин исботидир. Хорижий компания вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги чет эл элчихоналари ушбу тадбирда катта қизиқиш билан иштирок этишди ва манфаатли келишувларга эришишди. Мисол учун биргина ўтган йили Фарғона шаҳрида вилоятнинг инвестицион салоҳиятига бағишланган халқаро бизнес форумда 20 та давлатдан 100 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди. Белгия, Германия, Польша, Буюк Британия, Сингапур, Хитой, Япония, Украина, Россия ва бошқа давлатлар вакиллари вилоятимиз тадбиркорлари билан бевосита учрашиб, тадбиркорларимиз учун яратилган имтиёзлар самараси билан яқиндан танишиш имкониятларига эга бўлдилар.

Бизнес форум доирасида маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий компаниялар ўртасида кўплаб келишув ва меморандумлар имзоланди. Натижада 2013 йилда 11 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил қилинди. 

Бу мамлакатимизда хорижий инвесторларга ва хорижий инвестицияли корхоналарга яратиб берилган қулай шарт-шароитлар ва қонунчилик асосида берилган имтиёзлар туфайли уларнинг ишончи йилдан-йилга ортиб бораётганлигининг далилидир.

Корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ҳар йили хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Ҳудудий дастур ва вилоят Саноат-салоҳиятини ошириш дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастурларни ишлаб чиқишда хорижий инвестицияни жалб қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида хорижий компаниялар худудлар даражасида ишлаб чиқилган лойиҳаларга инвестиция киритилишига қизиқиш билдирмоқдалар.

2014 йил учун ишлаб чиқилган хорижий инвестицияни жалб қилиш дастури доирасида январь-апрель ойида жалб қилинган инвестиция белгиланган истиқболга нисбатан – 107,8 фоизни ташкил қилди. Жалб қилинган  хорижий инвестициялар текстил, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик, мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишлаш  ва бошқа соҳаларга йўналтирилди.

Дастур бўйича жалб қилинган инвестициялар Корея Республикаси, Хитой, Швецария, Туркия, Саудия Арабистони, Буюк Британия,  Россия, Кипр ва бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келди.

Республикада босқичма-босқич яратилаётган мақбул инвестицион иқлим туфайли мустақиллигимизни илк даврида вилоятимизда ташкил этилган қўшма корхоналар 2 та бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб 24 та йўналиш бўйича 26 та хорижий давлат ишбилармонлари иштирокида 122 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, кўрсатилган савдо ва хизматлар ҳажми 332,3 млрд.сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2013 йилнинг мос даврига нисбатан 127,5 фоизга, 1991 йилга нисбатан 138 мартага  ўсди.

Вилоятдаги жами экспортнинг 38,4 фоизи хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳисобига тўғри келмоқда. Улар томонидан 64,1 млн.долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Президентимизнинг жорий йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 15 апрелда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада яна бир янги босқич бўлди.

Фармонга асосан, 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бериш мақсад қилиб қўйилган.

Қарор билан эса тадбиркорлик фаолиятида талаб қилинадиган 2 та йўналишдаги лицензия, 9 та йўналишдаги рухсатнома бериш бекор қилинди.  Тадбиркорлар фаолиятининг лицензиялаштириладиган 7 та тури ҳамда рухсатнома талаб қилинадиган 14 та тури бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш вақти қисқартирилиб, кўриб чиқиш муддатлари белгилаб берилди. Лицензиялаштиришда ҳужжатларни расмийлаштириш учун талаб қилинадиган тўловлар қисқартирилди. Бунда лицензиялаштириладиган 11 та йўналиш қамраб олинди.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномаларни олиш учун тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар қисқартирилди. Бунда енгиллик  18 та лицензия ҳамда 13 йўналишдаги рухсатномалар учун белгиланди. Мисол учун, божхона ҳудудида қайта ишлаш жараёни бўйича техник иқтисодий асословни келишиш мақсадида хулоса олиш тартиби фақат давлат улуши бор корхоналар учун сақлаб қолинди.

Тадбиркорлар учун 19 та йўналишдаги фаолиятни лицензиялаштириш бир дарча тамойили асосида расмийлаштириш тартиби белгиланди. Давлат хизматларини тадбиркорларга 23 та йўналишда электрон тизими орқали амалга ошириш белгилаб қўйилди. Бунда тадбиркорларнинг электрон тизими орқали мурожаатларига давлат томонидан хизмат кўрсатилиши қайд этилди.

Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган бу каби ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқарув органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва итисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини оширишни кўзда тутади.

Тадбиркорлар учун яратилаётган бундай имкониятлар фақат бизнинг юртимизда амалга оширилаётганлиги хорижий ҳамкорларимизнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.

You must be logged in to post a comment Login