ФАРҒОНАДА 892 ТА СПОРТ ТЎГАРАКЛАРИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

DSC_1040

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали ҳомийлик кенгаши йиғилишида вилоятда 2014 йил манзилий дастурига киритилган объектларда олиб борилаётган янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларининг аҳволи таҳлил қилинди.

Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳар бир маҳалла кесимида энг кўп қизиқиш билдирилган спорт турлари бўйича ёшлар ўртасида мусобақалар ўтказиш юзасидан тақвим режаси ишлаб чиқиш белгиланди. Ушбу мусобақалар шаҳар, туман, қишлоқлардан истеъдодли ёш спортчиларни танлаб олиш имкониятини беради.

– Вилоятимизда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан барпо этилган 129 та спорт иншоотларида 892 та спорт тўгараклари фаолият кўрсатмоқда ва уларда 42 мингга яқин ёшларимиз ўз севган спорт турлари билан шуғулланмоқдалар, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилоят филиали директори М.Турдиматов. – Тажрибали мураббийларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ёш спортчилар ғолиблик шоҳсупасига чиқишмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойида жамғарма маблағлари ҳисобидан Фарғона шаҳар ихтисослаштирилган болалар ўсмирлар олимпия захиралари гимнастика мактаби жамоаси Францияда ўтказилган халқаро мусобақада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.

Вилоятда барпо этилаётган спорт иншоотлари сонининг йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, улар зарур спорт жиҳозлари билан таъминланаётганлиги ҳамда турли даражадаги спорт тадбирларининг мунтазам равишда ўтказиб борилаётганлиги натижасида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг 272 минг нафари спорт билан шуғулланиб келмоқда. Шундан 123 минг нафарини қизлар ташкил этади.

Ўз навбатида фаолият кўрсатаётган мураббийлар сони 2009 йилда 1024 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 1661 нафарга етди. Аёл мураббийлар сони 303 нафарга ошишига эришилди.

2014 йил Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 14 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. 8 та спорт иншоотлари, 6 та мусиқа ҳамда санъат мактаблари ўз бағрида юзлаб ёшларни тарбиялайди.

You must be logged in to post a comment Login