Бекзод Турдиматов, Авазбек Холматовлар “Musical Art” халқаро танлови ғолиби

41

Фарғона санъат коллежи ўқувчилари – Бекзод  Турдиматов ва Авазбек Холматовлар Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтказилган “Musical Art” халқаро танлови ғолибига айланишиб, ҳар иккаласи ҳам 1-даражали диплом билан Фарғонага қайтдилар!     

Бекзод Турдиматов асли бувайдалик. Тумандаги 17-болалар мусиқа ва санъат мактабида ғижжак сирларини ўргана бошлади. Фарғона санъат коллежида Алишер Абдурасулов унга устозлик қилди. Дастлаб Қори Ёқубов номидаги ёш ижрочилар  республика кўрик-танловида ғолиб бўлган Бекзод энди ўз санъатини жаҳон ёшлари олдида намойиш қилиб қайтди.

– Бу шогирдим коллежга келгандаёқ ўз иқтидори ва интилиши билан тенгдошларидан ажралиб турарди, – дейди А.Абдурасулов. – Янги куйларни ўрганиш йўлида тинимсиз изланарди. Бугун миллий куйларимиз, чолғуларимиз довруғини дунёга танитди, ўз санъати, қобилиятини барчага кўрсатиб келди. Б.Мутазавининг “Тўфон” куйи аслида мураккаб куйлардан саналади, уни чалиш учун ижрочидан юксак дид ва маҳорат талаб қилинади. Мана шундай бетакрор куйни ўхшатиб чала олгани учун ҳам Бекзод лауреат бўлди, деб ўйлайман.

Авазбек Холматов эса Бешариқ туманида туғилган. Рубоб чалишни илк бора унга амакиси, хонанда Аҳрор Усмонов ўргатган. Санъат коллежида эса Абдувоҳид Мажидовдан рубобга оид сабоқларни ола бошлади. “Наврўз садолари” ва бошқа кўрик-танловларда ғолиб бўлишига ҳисса қўшди.

Меҳр ва иштиёқ билан ғижжагу рубоб чалаётган Бекзод ва Авазбекларнинг куйларини тинглаб, Фарғона санъат коллежи бежиз халқаро миқёсга чиқмаганлигига амин бўлдик.

You must be logged in to post a comment Login