Бокс бўйича Жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев Президент эътирофидан мамнун

Кейинги йилларда вилоятимизнинг ёш боксчилари эришаётган натижалар кўпчиликнинг ҳавасини келтиряпти. Қўқонлик Ойбек Шарипов, фарғоналик Акмалбек Қосимовлар ўз тенгқурлари орасида дунёда тенгсиз эканлигини намоён этишганига ҳали кўп бўлгани йўқ. 

Бу йил уларнинг сафига  фурқатлик Бектемир Мелиқўзиев ҳам қўшилди. Шу йилнинг апрел ойида Болгарияда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бу иқтидорли боксчимиз 75 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди.

– Жаҳон чемпионатига қадар ҳам кўплаб халқаро мусобақаларда  ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган эдим, – дейди Бектемир. – Лекин, ҳаётимдаги энг бахтли лаҳза куни-кеча Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод-2014” ўйинларининг очилиш маросимида содир бўлди. Муҳтарам Президентимизнинг “Баркамол авлод” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табрикларида менинг ҳам камтарона натижаларим эътироф этилганидан қалбим ифтихорга тўлди.  Бутун вужудимни  ажиб бир ширин туйғу чулғаб олди. Беихтиёр ўзимга – ўзим, кейинги халқаро мусобақаларда ҳам жонажон Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор кучимни сарфлайман, деб аҳд қилдим.

Президентимизнинг эътирофидан руҳланган ёш боксчи “Баркамол авлод” ўйинлари баҳсларида барча рақибларидан устун келиб, спортчилик фаолиятини яна битта нуфузли мусобақанинг  олтин медали билан бойитди. Бирин кетин турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритаётган Бектемир Мелиқўзиев шу кунларда яна машғулотларга зўр бермоқда. Чунки унинг нигоҳи олимп чўққисига тикилган. Шу йилнинг август ойида Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги II-Олимпиада ўйинларида ҳам ғолиблик юришини давом эттириб, Юртбошимиз ва халқимизнинг ишончини оқлашга Бектемир Мелиқўзиев астойдил бел боғлаган.

You must be logged in to post a comment Login