ФАРҒОНАЛИКЛАР 13 ТА ОЛТИН МЕДАЛЬ БИЛАН ҚАЙТИШДИ

25

Юртимизда жорий қилинган уч босқичли спорт ўйинларида иштирок этиш бугун ҳар бир ёшнинг катта орзусига айланиб қолди. Сабаби, кичик олимпиада деб таъриф берилган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда “Универсиада” мусобақалари йилдан йилга янги номларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Спорт ўйинларининг ўрта бўғини, “Баркамол авлод” беллашувларига бу йил Наманган вилояти мезбонлик қилди. Мазкур нуфузли мусобақада фарғоналик ўғил-қизлар ҳам муносиб иштирок этиб қайтишди.

Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилган 65 нафар спортчи қўшни вилоят билан чегара ҳудудда карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олиндилар. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган   фарғоналик ёшларнинг бир гуруҳи “Баркамол авлод” мусобақаларида олтин, кумуш  хамда бронза медалларини кўлга киритишди!

“Баркамол авлод” беллашувларида муносиб иштирок этиб, шода-шода медаллар билан Фарғонага кириб келаётган спортчилар вилоят марказида тантанали тарзда қарши олинди. Ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган ўғил-қизлар кенг жамоатчилик, ота-оналар, устозлар ҳамда иқтидорли ўқувчилар иштирокида ташкил этилган тантанали анжуманда катнашдилар. Тантанада сўз олган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси  Шуҳрат Ғаниев юртимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ўйинлари ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Баркамол авлод беллашувларида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган ўғил-қизларни ёшлик ва шижоат байрамидаги муваффақиятли қадамлари билан самимий муборакбод этди.       

Шундан сўнг Намангандан катта таассуротлар билан қайтган чемпион ёшлар ҳам спорт байрамидан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

“Баркамол авлод” спорт ўйинларида  13 та олтин,  8 та кумуш  ҳамда  9 та  бронза медалларини қўлга киритган спортчиларимиз билан бугун чиндан ҳам фахрлансак арзийди. Айниқса, спортнинг бокс, теннис, енгил атлетика, стол тенниси, юнон рум кураши, шахмат ва таэквандочи ўғил-қизлар мусобақа давомида ўзига хос маҳорат соҳиби эканликларини кўрсата олдилар.

Ака-сингил Муҳаммадризо Саидхўжаев ва Сарвиноз Саидхўжаева катта теннис мусобақаларида иштирок этиб,  Сарвиноз  битта кумуш  хамда битта бронза, Муҳаммадризо эса битта кумуш медалини қўлга киритишди.

– “Баркамол авлод” мусобақалари биз учун катта синов майдонига айланди. Ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилдик, интилдик. Мусобақа давомида олганларимиз, ўрганганларимиз, тажриба алмашиш имконияти энди халқаро мусобақаларда асқотади, – деб ўйлайман дейди М.Саидхўжаев.

Шунингдек, муросасиз кечган беллашувларда кучли чарм қўлқоп усталари дея тан олинган Бектемир Мелиқўзиев ҳамда Фарғона олимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси Бобуромирзо Толиповлар ўз рақибларини доғда ыолдиришиб, олтин медалга эга бўлишди.

– Коллежимиздан 7 нафар иштирокчи бокс бўйича Наманганда ўз иқтидорларини намойиш этишга ҳаракат қилдилар, – дейди бош мураббий Баҳодир Эркаев. – Мусбақаларгача ўқувчилар билан тинимсиз машғулотларни олиб бордик. Шогирдаларим орасида Бектемир ва Бобурмирзоларнинг ғолиб бўлишлари мени қувонтириб юборди, уларнинг олтин медаллари фарғоналиклар ютуғи эканлигини таъкидлайман.

– Мен бугун чиндан ҳам бахтлиман, сабаби қилган меҳнатларим бугун ўз натижасини кўрсатди, дейди бош мураббийлардан бири Руслан Изаметов. – Қўлга киритилган 13 та олтин медаллардан 10 таси енгил атлетикачиларники эканлиги менга фақат қувонч бағишлайди. Ўқувчиларимиз мусобақада енгил атлетика бўйича кучлилар сарасига киришгани олиб борилган машғулотлар ва биз учун яратиб берилган шароитлар самараси дейиш мумкин. Биз келгусида ҳам фақатгина юқори марраларни забд этишга ваъда берамиз.

– Таассуротларим катта, – дейди Наманган сафари ҳаяжонлари билан ўртоқлашиб Эъзоза Эралиева. – Стол тенниси бўйича кумуш медалга сазовар бўлганим, дўстлар орттирганим узоқ вақт ёдимда қолади. Бу ютуқлар энди халқаро мусобақаларда давом этишига ҳаракат қиламан.

– Барча жамоа мусобақага қаттиқ тайёргарлик кўрганини баҳсларнинг муросасиз ўтганлигида кўриш мумкин. Кучлилар билан курашишга, баҳслашишга тўғри келди. Бироқ ғолиблик учун астойдил интилдим ва олтин медални қўлга киритдим. Бунда эса мураббийларим, устозларим меҳнати борлигини айтиб ўтмоқчиман, дейди енгил атлетикачи Ҳасанбой Акбаралиев. Фарғоналик спортчиларнинг эришган бу каби  ютуқлари вилоятда болалар ва ўсмирлар ўртасида спортини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган мақсадли ҳаракатларнинг ёрқин натижаси дейиш мумкин.     Биз келгусида бу ўғил-қизларимиз орасидан жаҳон ва Осиё чемпионатларида ғолиблик шоҳсупаларидан жой оладиган спортчилар етишиб чиқишига ишонамиз.

You must be logged in to post a comment Login