ФАРҒОНАДА ПАТРУЛЬ-ПОСТ ХИЗМАТИГА 15 ТА ЗАМОНАВИЙ “УАЗ” АВТОМАШИНАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

ППХ МОШИНА (1)

Халқ тинчлиги, юрт осойишталигини таъминлашда ички ишлар хизмати ходимларининг ўрни алоҳида. Уларнинг самарали хизматлари туфайли жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олди олиняпти. Халқимизнинг тинч-тотув, фаровон ҳаёти таъминланмоқда.

Ўтган йилнинг октябрь ойида вилоят ИИБ патруль-пост хизмати батальонларига махсус жиҳозланган замонавий “Нексия-2” русумидаги автомашиналар топширилганди. 30 та янги хизмат автомашиналари бугун халқ тинчлигини таъминлашда ходимлар учун яқин кўмакдош бўлиб, хизмат мобайнида анча қулайликлар яратмоқда. Бугун эса вилоятда ана шундай мақсадли ҳаракатлар бардавом бўлаётганини кузатиш мумкин. Патруль-пост хизмати батальонларига 15 та замонавий “УАЗ” хизмат автомашиналари ҳамда 4 та “Исузу” автобуслари тантанали суратда топширилди.

 Таъкидлаш жоизки, Патруль-пост хизмати батальони ходимлари вилоят худудида жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, худудда жиноий ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик мақсадида эрта-ю кеч хизмат олиб боришмоқда. Янги хизмат автомашиналарининг тўлиқ зарур жиҳозлар ва керакли анжомлар билан таъминланганлиги ҳудудларда намунали жамоат тартиби сақлашда муносиб самара беради.

Биргина Фарғона ва Марғилон шаҳарларига хизмат кўрсатувчи ППХ батальонининг ўтган 3 ойи давомидаги кўрсаткичларига назар соладиган бўлсак, ходимлар томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тузилган маъмурий баённомалар 3327 тани ташкил этди.    Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 431 тага кўпдир.  Ўтган йилнинг 3 ойида 92 нафар шахсга нисбатан майда безорилик ҳолатлари бўйича маъмурий баённома  тузилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 96 тани ташкил этди. Батальон ходимлари томонидан ички ишлар бўлимларига олиб келинган шахслар сони ҳам ўтган йилнинг 3 ойига нисбатан 470 нафарга ошиб, 18248 нафарни ташкил этди.

ППХ батальонлари ходимлари белгиланган йўналишларда  жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан бир қаторда соҳавий хизматлар ходимлари билан ҳамкорликда содир этилган жиноятларни фош этишда фаоллик кўрсатишмоқда. Шу йилнинг ўтган 3 ойи давомида Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларига хизмат кўрсатувчи ППХ батальонлари ходимлари ёрдами билан  148  та жиноят фош этилди. Шунингдек, жиноят содир этиб, қидирувда юрган 19 нафар жиноятчи улар томонидан  аниқланиб, тергов ва суд идораларига топширилди.

Янги хизмат автомашиналари ППХ батальонлари ходимларининг янада унумли  хизмат қилишлари учун  муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Келгусида патруль-пост хизмати батальонларининг моддий-техникавий таъминотини  янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор аниқ тадбирларни амалга ошириш режалаштирилганлиги мамлакатимизда ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.

You must be logged in to post a comment Login