ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ СЎХДА

ozodbek

Чегара олди ҳудудлари ва вилоятимизнинг чекка туманлари ҳамиша давлатимиз эътиборида. Бу ерларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, уларнинг маданий дам олишларига алоҳида эътибор қаратилиб келинади.

Осойишталигимизни сақлашда ҳарбийлар ва фуқаролар ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Миллий  хавфсизлик  хизмати Чегара қўшинлари томонидан Сўх туманидаги марказий ўйингоҳда ўтказилган тадбир катта шодиёнага айланиб кетди.

МХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли хонандалари –Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Иззатбек Ибрагимов, Сардор Раҳимхон ва хушовоз хонанда Тоҳир Усмоновлар иштирокидаги катта концерт дастури иштирокчиларга хушкайфият бағишлади.

Асосан тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиладиган Сўх тумани фуқаролари уюштирилаётган бу каби тадбирлардан анча мамнунлар.

Шу куни Фарғона туманидаги “Чинортаги” истироҳат боғида ҳам ана шундай маънавий-маданий тадбир ўтказилди. Унга МХХ Чегара қўшинларида хизмат қилаётган ходимларнинг оила аъзолари ва фарзандлари, чегара олди ҳудудида истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролари, водилликлар таклиф этилдилар.

Севимли санъаткорларимизнинг куй-қўшиқлари даврага ўзгача файз киритди. Қўшиқлар рақсларга уланиб, Водил аҳолиси шу куни аъло кайфиятга ошно бўлди, кўпчиликнинг дилида эзгуликлар уйғонди.

You must be logged in to post a comment Login