ФАРҒОНАДА “CHALLENGER” ХАЛҚАРО ТЕННИС МУСОБАҚАСИ БОШЛАНДИ

MQM_6200

Фарғонадаги “Истиқлол” теннис мажмуасида эркак ва аёллар ўртасида халқаро теннис турнирлари бошланди.

Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ш.Ғаниев иштирок этди.  

– Республикамизда теннисга берилаётган эътибор йилдан йилга кучайиб бормоқда, – деди вилоят раҳбари турнир қатнашчиларини самимий қутларкан. – Фарғона теннис марказларидан бирига айланган, десам муболаға бўлмайди. Охирги йигирма йил давомида шаҳримизда “Challenger”, ўн тўрт йилдан бери “Ўзбекистон Кубоги”, шунингдек, ITF “Fergana Cup” халқаро турнири ўтказиб келинмоқда.

Вилоят ҳокими 20-“Challenger” ва 4-“Fergana Women’s” халқаро турнирларини очиқ деб эълон қилди.

Шундан сўнг маросимда шу йилнинг февраль ойида Осиё-Океания минтақаси биринчи гуруҳи “Fed Cup Heart Award – 2014” мукофоти ғолиби эълон қилинди. Ғолиблик республика Олимпия заҳиралари теннис мактаби ўқувчиси Сабина Шариповага насиб этди. Истеъдодли теннисчи қизга пул мукофотини аёллар турнири супервайзери Пунит Гупта топширди.

Мусобақаларда дунёнинг 18 та давлатидан, шу жумладан МДҲ мамлакатлари ҳамда АҚШ, Исроил, Колумбия, Хитой, Таиланд, Швейцария, Ҳиндистон, Япониядан келган теннисчилар иштирок этмоқда.

Турнирларда мамлакатимиз шарафини спортчиларимизнинг катта гуруҳи ҳимоя қилаётир. Биз уларнинг беллашувларда муваффақиятли тарзда иштирок этишларига аминмиз.

Катта теннис байрамининг юқори савияда ўтиши учун шаҳримизда барча нарса муҳайё қилинди. Жумладан, теннис мажмуасида таъмирлаш ишлари бажарилди, Интернет билан таъминланган Матбуот маркази ташкил этилди. Ҳеч шубҳа йўқки, теннис бўйича 20-эркак ва 4-аёллар халқаро турнирлари иштирокчилари ишқибозларни чиройли ўйинлари билан хушнуд этадилар.

You must be logged in to post a comment Login