БИЗ – СПОРТЧИЛАР ОИЛАСИМИЗ

QMM_0219

2014 йилни Соғлом бола йили деб эълон қилиниши устоз ва мураббийларни  янги марралар сари чорлади. Истиқлол йилларида юртимизда болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом этиб вояга етказиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширмоқда. Мамлакатимизда мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари”, коллеж ва лицей ўқувчиларининг “Баркамол авлод” ҳамда талабаларнинг Универсиада беллашувларини ўз ичига олган уч босқичли мусобақалар тизими йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланаётган, замонавий спорт мажмуаларида шуғулланиб, халқаро турнирларда тобланаётган ёшларимиз яқин келажакда катталар ўртасида ўтказиладиган қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган профессионал спортчилар бўлиб етишадилар. Энг муҳими, ўсиб келаётган  авлод саломатлиги мустаҳкамланиб, улар жисмоний ва руҳий жиҳатдан бақувват инсонлар бўлиб вояга етишмоқда.

Вилоят миллий спорт ўйинлари мактабида 600 нафар ўқувчи спортнинг 8 та тури – дзю-до, эркин кураш, белбоғли, миллий, турон курашлари, самбо бўйича шуғулланишади. Уларга тажрибали 30 нафар мураббийлар спортнинг сир-асрорларини ўргатишмоқда. Икки нафар инструкторимиз эса ёш спортчиларга ўзбек халқ миллий ўйинларидан сабоқ беришмоқда. Муқаддам Муҳаммаджонова, Нилуфар Қодирова, Жасур Мўсажонов ва Сайёра Ҳайдаровалар ҳам кураш бўйича бир неча карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлишди. 

– Биз – спортчилар оиласимиз, – дейди вилоят миллий спорт ўйинлари мактаби директори Севара Деҳқонова. – Турмуш ўртоғим  Содиқжон  Деҳқонов спорт жонкуярларидан.  Тўнғичим  Жасурбек  ёшлар ўртасида миллий кураш бўйича Грецияда ўтказилган халқаро турнир ғолиби. Укалари ҳам унинг ортидан боришяпти. Тажрибали спортчилар, мураббийларимиз, спортга эндигина кириб келаётган умидли ёшлар учун Соғлом бола йили зафарлар йили бўлишига ишонамиз.

You must be logged in to post a comment Login