АМИР ТЕМУР ДАВРИДАГИ ФАРҒОНА

155

Буюк саркарда, давлат арбоби Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида  нафақат Кеш, Самарқанд балки Ўрта Осиёнинг бошқа минтақалари ҳам муҳим ўрин тутган.  Фарғона водийси  бундан мустасно эмас.  Тарихий манбааларда, жумладан, Низомуддин Шомий ва Шарофуддин  Али Яздийларнинг  “Зафарнома” асарларида  Соҳибқирон бир неча марта Фарғонага қадам ранжида  қилганлиги қайд этилган. 

   Бизга маълумки, 1370  йилда   Амир Темур  бутун  Мовароуннаҳрнинг  ҳукмдори бўлди. Расман Фарғона ҳам бошқа вилоятлар сингари  янги ташкил топган  Темур давлати таркибига кирди. Амалда эса Фарғонани тўлиқ бўйсундириш  учун Амир Темур  бир неча йил  вақт сарф қилишга тўғри келди.  Бунинг  сабаблари қилиб, унда ҳукмрон бўлган вазият  ва географик жойлашуви келтирилади.  Фарғона музофотида ҳукмронлик қилган айрим  саркаш амирлар исён кўтариб, бу ўлкани Амир Темур давлатидан ажратиб олишга  ва бу ерда ўзлари мустақил ҳукмронлик қилишга интилар эдилар.  У бундай амирларга қарши жанглар қилиб,  сепаратистик ҳатти-ҳаракатларини бостиришга  мажбур бўлди.  Қолаверса, Фарғона Моварауннаҳрнинг  шарқидаги энг чекка ўлка бўлиб, шимоли-шарқда  Дуғлат  амирлиги ёки  Жета деб аталмиш  мўғул давлати  (Мўғулистон)  билан чегарадош бўлиб, вақти-вақти билан кўчманчиларнинг ҳужумларига дучор бўларди.  Соҳибқирон Дуғлат амирлигига қарши 5 марта юриш қилгач, бу давлатнинг ҳарбий қудрати пасайди ва босқинчилик юришларига чек қўйди.  1376 йилда Мўғулустон ҳукумдори Қамариддиннинг  Фарғонага қилган ҳужуми  Соҳибқирон томонидан даф қилинганидан сўнг, бу ўлка узил-кесил Амир Темур давлатига қўшиб олинди.

 Саркарда водийни амирзода Умаршайҳ Мирзога суюрғол қилиб беради. Унинг зиммасига нафақат Фарғонани бошқариш, балки Тошкент воҳаси ва Туркистонни мўғуллар ҳужумидан ҳимоя қилиш, у ердаги вазиятни назорат қилиб туриш  юклатилади.  Мўғулистондаги сиёсий вазиятни диққат билан кузатиб боради.  Айнан ана шу вазифаларни  бажаришга интилган амир 1388 йилда Ўтрорда Тўхтамишхонга, Фарғонада Мўғулистоннинг яна бир ҳукмдори Анқотўрага қарши жанг қилишга мажбур бўлди.  Лекин баъзи ҳолларда  Фарғона улуси ҳукмдорлари ўзбошимча ҳаракатларга ҳам йўл қўйдилар.  Масалан, Умаршайҳ  Мирзодан кейин  Фарғона улуси ҳокими  бўлган Искандар Мирзо  Мўғулистон ҳукмдори бўлган Хизр Хўжахоннинг  вафотидан сўнг бу ерда бошланган ўзаро урушлардан фойдаланиб,  1399 йилда  Еттисув ва Қошғарга ҳужум қилди ва катта ўлжалар билан қайтди.   Бу ҳол Амир Темур номидан Моварауннаҳрни бошқараётган набираси Муҳаммад Султонга маъқул бўлмади. У Искандар Мирзонинг ҳатти-ҳаракатларини ўзбошимчалик, марказий ҳукуматга бўйсунмаслик деб баҳолади ва уни ҳибсга олдирди.  Искандар Мирзонинг  отабегиси Баён Темур Беккичик  ва бошқа мулозимлар, жами 26 киши қатл этилди. Мирзонинг  ўзи 1402 йилгача ҳибсда  сақланди.   Унинг озод қилиниши ҳусусида “Зафарнома”да қуйидаги маълумот келтирилади: “Ани соҳибқирон қошиға келтуриб, улуғ деворга ярғу суриб, ясоқ таёғи уруб, бандини кўтардилар”.

Юқорида баён қилинган воқеалар натижасида  Фарғона улуси тугатилиб, то 1404 йилгача беклар бошқарувида бўлди ва Мовароуннаҳр  таркибига киритилди.  1404 йилда  Фарғона водийси маъмурий тузилишида анча ўзгаришлар кузатилди.  Шу йили Фарғона, Тароз, Қошғар ва Хўтан ҳудудларини  бирлаштирган янги улус ташкил этилди. Бу улусни бошқариш Иброҳим Мирзога топширилди.  Лекин кўп ўтмай Амир Темурнинг вафот этиши янги улуснинг ташкил топишига  ҳалақит берди. Водий яна Мовароуннаҳр таркибига киритилди.

 Хулоса қилиб айтганда, Фарғона водийсининг   Амир Темур давлати таркибига кириши мўғулларнинг талончилик ҳужумларига барҳам бериб, ободончиликка, ҳўжалик тараққиётига йўл очди.   Водий ва Тошкент воҳаси Оқ Ўрда ва Мўғулистон билан чегара ҳудуд бўлганлиги боис бу ерда марказлаштириш сиёсатига  қарши бўлган кучларнинг тўпланишига олиб келди.

Шунинг учун Фарғона водийсини саркарда давлатига бўйсундириш кечроқ амалга ошди ва ташқи сиёсатдаги ғалабаларга  боғлиқ бўлиб қолди.  Амир Темур Фарғонани ўз холича мулки – Мовароуннаҳр таркибига киритмади.  Чунки кўчманчиларнинг кучли давлатлари  билан чегарадош ҳудудда Мовароуннаҳрнинг ички туманлари хавфсизлигини таъминлайдиган, зарур пайтда  қўшни мамлакатлар сиёсатига таъсир кўрсата оладиган улус барпо этиш лозим эди.  Фарғона водийси ана шундай улусга айланди. 

You must be logged in to post a comment Login