Темпус дастури “Мехатроника” мутахассислигини қуллаб қуватламоқда

Фан ва техника соҳаси сифатида аниқ механика қисмларини электрон, электротехник ва компьютер ташкил этувчилари билан синергетик бириктиришга асосланган мехатроникасиз замонавий ишлаб чиқариш корхонасини тасаввур қилиб бўлмайди. Мехатроника – функционал харакатларни интеллектуал бошқарувчи янги модул, система, машина ва  тизимларни лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқаришни таъминлайди. Улардан унумли фойдаланишга қодир бўлган юқори малакали мутахассис кадрларга эхтиёж ортиб бормоқда.

Фарғона политехника институтида Европа комиссияси Темпус-IV дастурининг 6-сонли танлов натижалари асосида 2014-2016 йиллар учун молиялаштиришга таклиф этилган “MECHATRONICS: Ўзбекистонда мехатроника бўйича янги магистрлик дастурларини ва докторлик курсларини жорий этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. “MECHATRONICS” лойиҳасини амалга ошириш учун институтнинг рахбар ходимлари, профессор-ўқитувчилари, катта илмий ходим изланувчилар ва иқтидорли талабалардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Лойиҳанинг асосий мақсади – мехатроника соҳасида машинасозлик корхоналарида лойиҳалаш ишларини ва замонавий технологияларни амалга оширувчи муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлашдир.

 Институт илмий Кенгашида лойиҳанинг уч йиллик режаси ва бажарилиш тартиби бўйича маълумот эшитилди ва ижро учун қабул қилинди. Режа бўйича “Мехатроника” мутахассислиги учун 8 та ўқув курслари, булардан 2 та методологик ва 3 та докторантура учун ўқув курслари ишлаб чиқарилади. “Мехатроника” мутахасислигини очиш учун зарурий ўқув-услубий таъминот яратилади. Замонавий ўқитиш услубиётларини жорий этишда ўқитувчи ва талаба ўртасидаги ижодий ҳамкорлик кенгайтирилади. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига Европадаги ҳамкорларимиз Швециянинг Қироллик технология университети, Бельгиянинг Лёвен университети ва Австриянинг Линц университетларида мехатроника соҳасида тўпланган тажрибалар олиб кирилади.

Лойиҳа давомида ҳар бир хамкор олий таълим муассасасида “Мехатроника” ўқув лабораторияси ташкил этилади. Қатор профессор-ўқитувчилар Белгия, Швеция ва  Австрия давлатида мутахасислиги бўйича стажировка ўтиш имкониятига эга бўладилар.

Лойиҳанинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Тошкент  автомобил йўллари институти, Турин университети Тошкент филиали, Навоий давлат кончилик институти ва Бухоро  муҳандислик технологиялари институтлари ҳамкорлиқ қилмоқда.  Лойиҳа натижаларини тадбиқ этилиши бўйича UzAUTOSANOAT билан бирганликда «UZSUNGWOO»  ҚК АЖ, Евразия ТАПО-Диск ҚК АЖ ва Навоий машинасозлик заводи, “GM Powertrain” ва “Навоий ТЭЦ” ҳамкорлиқ қилмоқда.  Лойиҳанинг дастурий таъминотини “Computer Asia” илмий-техника парки амалга оширмоқда.

Жорий йилда лойиҳанинг аъзоси, катта ўқитувчи А.Абдувалиева февраль ойида Бельгиянинг Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган Темпус дастурининг конференциясида иштирок этди. Апрел ойида  Швециянинг Стокголь шаҳрида бўлиб ўтадиган стажировкага доцент Т.Бутаев ва катта ўқитувчи Ж.Камбаровлар таклиф этилган. 

You must be logged in to post a comment Login