ҚУВАСОЙДА ХАЛҚАРО БИЗНЕС ФОРУМ

MQM_8552 MQM_8571 MQM_8637Қувасой шаҳрида вилоятимиз ва мазкур шаҳарнинг инвестицион салоҳиятига бағишланган халқаро бизнес форум ўтказилди.

Унда мамлакатимиздаги БАА, Бангладеш, Туркия, Покистон, Швейцария, Қозоғистон, Хитой, Вьетнам каби давлатларнинг дипломатик корпус масъул ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, Жанубий Корея, Сингапур, Германия, Латвия, Ҳиндистон, Япония, Буюк Британия, Россия, Белоруссия ва бошқа 50 дан зиёд хорижий компаниялар вакиллари қатнашди.

Қувасой шаҳрининг марказий маданият саройида вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар-тумани кўргазмаларини ташкил этди. Вилоятимиздаги йирик ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, миллий ҳунармандлар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Бир томонда мумтоз куй-қўшиқларимиз ижроси, дорбозлар, полвонлар, спортчиларнинг чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди. Қувасой адирларидан эсаётган майин шабада, қийғос гуллаётган боғлар, зилол сувли Исфайрамсойнинг зариф қўшиғи, бободеҳқон ва боғбонларнинг баҳорги юмушлари катта-ю кичикка ўзгача фароғат, хушкайфият бағишлайди. Меҳмонлар карнай-сурнай, доира садолари остида муҳташам маданият кошонасига таклиф этилдилар.

Тадбирни очиб бериш учун сўз вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевга берилди.

– Фарғона минг йиллик тарихий анъаналар ва замонавий тараққиёт жараёнларини ўзаро мужассамлаштирган диёр. Бу ерда бир пайтнинг ўзида кўҳна тарихий ёдгорликлар, миллий ҳунармандчилик ва шарқона бозорлар билан бирга, замонавий саноат корхоналари, савдо ва маданий-маиший мужмуаларни кўриш мумкин, – деди вилоят раҳбари меҳмонларни қутлаб. – Айни пайтда 60 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, юрт тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётгани эса энг катта ютуғимиздир. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хусусан, иссиқлик энергетикаси, машинасозлик, электротехника, пахта толаси ва мевани қайта ишлаш, трикотаж маҳсулотлари ва табиий чармдан тайёрланган оёқ кийимлари тайёрлашда Фарғона вилояти мамлакатимиз миқёсида улкан салоҳиятга эга эканлиги икки томонлама манфаатли ҳамкорлик истиқболли бўлишидан далолат беради.

Ўз навбатида вилоятимиз саноати улкан салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Кейинги йилларда вилоятимизнинг транспорт-коммуникация тармоқлари фаолияти жадал ривожланаётгани ҳам хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина 2013 йил якунларига тўхталадиган бўлсак, ўтган йили вилоятимиз иқтисодиётига 125 млн. доллардан ортиқ хориж инвестицияси киритилишига эришилган. Бу борадаги ҳамкорлик кўлами пахта толаси, трикотаж маҳсулотлари, қуёш батареялари, қурилиш материаллари, оёқ кийимлари, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаларида яққол ўсгани қувонарлидир.

Айни кунларда вилоятимизда дуённинг 80 дан кўпроқ давлатлари билан ҳамкорликда 100 тадан зиёд қўшма корхоналар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бундай анжуманлар эса вилоятимизнинг ушбу соҳадаги имкониятларини янада яққолроқ намоён этиш, бутун дунё тадбиркорларини юртимиздаги қулай инвестицион муҳит билан яқиндан таништириш имконини беради. Шу ўринда яқинда Фарғона ва Қўқон шаҳарларида бўлиб ўтган бизнес форумларни эслаб ўтиш кифоя. Иккала тадбирнинг самараси сифатида вилоятимизда хорижий инвестиция иштирокидаги 10 дан ортиқ корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятимиз иқтисодиётига 20 млн. доллардан ортиқ хориж сармояси жалб этилди.

- Тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимиз ҳукумати томонидан комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган,-деди жумладан вилоятимиз ҳокими. – Рухсат бериш тартиб-таомилларига оид 80 та, лицензияланадиган 15 та хизмат турлари бекор қилингани шулар жумласидандир. Бу жараёнда статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботларни тақдим этиш икки баробарга қисқартирилди. Тадбиркорлик субъектларининг давлат ва назорат органларига ҳисоботлар топшириши босқичма-босқич электрон тизимга ўтказилмоқда. Бизнесни бошлашдаги бу каби қулай омиллар, қолаверса, бугунги конференция ҳам халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонамиз.

Бизнес форум кун тартибига кўра, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Иброҳим Эргашевнинг Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган шарт-шароитлар хусусидаги маърузаси тингланди. Қувасой шаҳар ҳокими Адҳам Зиёвитдинов саноат шаҳрининг сармоявий салоҳияти ҳақида батафсил тўхталиб, янги бизнес лойиҳалари тақдимотини ўтказди.

Шундан сўнг мамлакатимизда ва вилоятимизда хорижлик ҳамкорлар учун яратилган тадбиркорлик муҳити сарҳисоб этилди. Бу борада «Фарғонацемент» Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси директори Фёдор Наливкин, «Uz Sungwоо» Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси директори Парк Рай Хёнг, «Қувасойцемент» ОАЖ бош директори Алексей Савин, «Индорама Коканд Текстил» Ўзбекистон-Сингапур қўшма корхонаси директори ўринбосари Атул Кумар Синхлар ўзларининг ижобий фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Халқаро анжуманда бир неча ҳамкорлик шартномалари имзолангани эътиборга сазовордир.

– «Сардор Фарм Саноат», «Меҳригиё» корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдик, – дейди Ҳиндистондаги фармацевтика соҳасига ихтисослашган «Alisha and Isha» йирик ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Прем Кумар. – Табиий дармондориларга бой гиёҳлар ва ундан тайёрланган маҳсулотларингизни жаҳон бозорига олиб чиқишга, ўз навбатида, юртингизга сифатли дори-дармонлар, тиббий жиҳозларни етказиб беришга ҳаркат қиламиз.

Фарғона шаҳрида яшовчи тадбиркор Абдуқундуз Юнусов Ўзбекистон-Россия-Қозоғистон сармояси иштирокида «Нектар» қўшма корхонасини ташкил этишга эришди. Ўзаро келишувга асосан 110 минг доллар хориж инвестицияси жалб этилиб, Қозоғистондан қадоқлаш жиҳозлари, Россиядан замонавий технология олиб келинади. Шу тариқа табиий тоза меваларимиз жаҳон стандартларига мос равишда қадоқланади ва дунё бозорларига чиқарилади.

Яқин вақт ичида вилоятимизнинг чекка ҳудуди – Фурқат туманида янгича усулда оқ қанд, шакар ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилади. Шу туманда истиқомат қилувчи тадбиркор Иқбол Сиддиқов бизнес форум давомида хорижлик ҳамкорлари билан келишув меморандумини имзолади.

Шу каби 32 та 30,1 млн АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланган анжуманда иштирокчилар шаҳардаги «Кварц» ОАЖ, таълим, санъат, спорт ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётини таъминлаш, баркамол авлод орзуси йўлида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларга ижобий баҳо бердилар.

Тадбир якунида меҳмондўст мезбонлар томонидан хорижлик барча-барча иштирокчиларга миллий ҳунармандчилик намуналари, маданият ва санъат дурдоналари, шарбатга тўлган мева ва полиз маҳсулотлари энг ноёб ҳамда қадрли совға, эсдалик сифатида туҳфа этилди.

You must be logged in to post a comment Login