ҲАМЮРТИМИЗ – ЖАҲОН СУПЕРКУБОГИ СОҲИБИ!

11111

Наврўз айёмининг баҳорий насмлари дилларга оромбахш шукуҳ бағишлаётган ушбу кунларда Ўзбекистонимиз бўйлаб ажойиб хушхабар қанот қоқди. Россиянинг Москва шаҳрида ўтказилган жанговар самбо бўйича жаҳон суперкубоги мусобақасида фарғоналик Исломжон Азимов олтин медални қўлга киритди.

Дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатидан келган 300 нафардан ортиқ энг кучли самбочилар иштирок этган ушбу мусобақада рақиблари устидан муддатидан олдин зафар қучиб, финалга чиқди. Олтин медаль учун бўлган баҳсда молдовалик Григорий Постикэдан ҳар томонлама устун келган ҳамюртимиз муддатидан олдин ғалабага эришди.

Қуванинг Толмозор қишлоғида туғилган Исломжон барча тенгқурлари қатори болалигидан спортга меҳр қўйди. Тумандаги 12-мактабда таълим олиш билан бирга 1-БЎСМда мураббий Абдумажид Тошхўжаев бошқараётган дзюдо тўгарагига қатнади. 2005 йили Андижон олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга кирди. Ўқув даргоҳида тажрибали мураббийлар Баҳромжон Расулов ва Шокиржон Исомиддиновлардан дзюдо ва жанговар самбо йўналишларида жиддий шуғуллана бошлади. Ёш спортчи мамлакат миқёсидаги мусобақаларда яхши натижаларга эришиб, 2009 йили жанговар самбо бўйича мамлакат терма жамоасига таклиф этилди. 100 кг вазн тоифасида бир неча бор мамлакат чемпиони бўлди. Марказий Осиё биринчилигида икки бор шоҳсупанинг  чўққисига кўтарилди. 2011, 2012 йилларда Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Литвада ўтказилган жаҳон биринчилигида фахрли 2-ўрин соҳиби бўлди.

ҒОЛИБ

Курашчан инсонга ғалаба ёрдир,
Мағлубсан, бир четда тураверсанг тек.
Рақибларни ҳалол енгиб бирма-бир
Исмингга муносиб бўлдинг, Исломбек!
Истиқлол фарзанди етук, баркамол.
Нусрат битилгандир Лавҳул-маҳфузда.
Темурий юракда ёлқинланар ёл,
Олов шуъласи бор жуфт қора кўзда.
Ерда ҳам, отда ҳам курашиб келган
Ёвқур боболарнинг довруғи дилда.
Ўзбекнинг орини соврин деб билган
Паҳлавон Маҳмудлар бордир бу элда.
Шоҳсупада чақнаб турган юртдошим,
Сарбаланд бўлибсан, дунёларга боқ!
Мен сенга боқаман, кўзимда ёшим:
Бир улуғ мураббий бергандир сабоқ…
Ҳаёт улкан кураш майдони асли,
Ё пирим, деб кўкка ларзалар солиб
Курашга кираркан истиқлол насли,
Бу авлод музаффар, ҳамиша ғолиб!

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон Республикаси халқ шоири.

You must be logged in to post a comment Login