ҚОЙИЛ СЕНГА, МОҲИГУЛ!

Шохид

Фарғона туманилик етти ёшли қизалоқ Моҳигул Тўланова Францияда ўтказилган бадиий спорт гимнастикаси буйича жаҳон чемпионатида қатнашиб, 2014 йил – Соғлом бола йилини кумуш ва бронза медалини қўлга киритган ҳолда кутиб олди.

Қувончли хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Моҳигул фаранг юртида фарангларни лол қолдирди, бутун дунё ҳайъат аъзолари эътиборини тортди, минглаб томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

2013 йилнинг 9-18 декабрь кунлари ўтган жаҳон чемпионатида Моҳигул Фарғонанинг 11 кишилик гуруҳ чиқишларида брон­за, якка чиқишда эса кумуш медалини қўлга киритди.

Тўлан бобо Юсупов, Моҳигулнинг 74 ёшли опоқиси: Неварам ишончни оқлади. Унга 3-5 ёшидаёқ Марғилон сойида мунтазам сузишни ўргатдим, чиниқтирдим, жисмонан соғлом, бақувват бўлишига эътибор бердим. Оқтепадан дунёга танитадиган фарзандлар чиқади, деб кўп гапирганман, ният килганман-да… Мана, Моҳигул қизим бунга эришди.

Санобархон Раҳимова, синф рахбари: – Жуда oғир, вазмин қиз. ёзуви чиройли. Ҳалигача бирор марта танбеҳ бермаганман. Қизиқ-да, Моҳигул Франциядан 30 нафар синфдошларига биттадан конфет олиб келибди. Худо хоҳласа, қизимизнинг келажаги олдинда.

Валентина Медикова, Фарғона шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқитувчиси: Моҳигул талабчан, ўз устида тинмай ишлайдиган изланувчан қиз. 33 йилдан буён ишлаётган бўлсам, бу ўқувчим ўзига хос, ўзига мос чиқди. Моҳигулни келгусида олтин медаллар шодасини қўлга киритишига ишончим комил.

Моҳигул  Юртбошимиз орзу қилган, ишончини оқлаган умидли ёшлардан бири. Унинг келажаги ҳали олдинда.

You must be logged in to post a comment Login