ЭКСПОНАТЛАР ҚАДИМ МОЗИЙДАН СЎЗЛАЙДИ

12345 123 1234

Юртимиз жуда қадимий тарихга эга. Бу ҳақиқат кўплаб археологик қазилмалар, шунингдек, олим ва мутахасисларимизнинг изланишлари ҳамда илмий тадқиқотларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биз қўйида келтираётган тарихий манбалар ҳам юртимизнинг қадим тарихидан сўзлайди.

Аслида, катта тарихий аҳамиятга эга ушбу нодир экспонатлар республикамизнинг битта тумани тарих музейида сақланаётганлиги ҳам киши эътиборини ўзига тортади. Чунки қишлоқ туманининг музейгоҳида шундай осори-атиқалар бор экан, демак, бу юртнинг, бу заминнинг тарихи ниҳоятда кўҳна ва ажобтовурдир.

Демак, биз ўзимизнинг тарихимиз билан фахрланишга, дунёдаги энг қадим халқларидан бири эканлигимиздан ғурурланишга тўла ҳақлимиз.

Энди музейда сақланаётган айрим экспонатлар ҳақида мухтасар ҳикояларимизни ўқинг.

Ясси кўза (қадимги сув идиш). Ушбу экспонат туманимиздаги 2000 йиллик тарихга эга Зураймомо зиёратгоҳидан топилган бўлиб, у тахминан II-III асрларда ясалган. Унинг бир томони ясси, яъни текис қилиб ясалган. Кўзада сув ёки бошқа суюқлик ташилганда, ясси томони уловнинг ёнбошига аратиб осиб қўйилган, чунки бундай ҳолатда осиб олиб юрилганда, кўза чайқалмаган.

Бундай кўза республикамизнинг бошқа айрим музейларида ҳам сақланади. Уларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар бир ана шундай кўзага тўлқинсимон чизиқ билан белги қўйилган. Тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, бундай чизиқ сувнинг ёки илоннинг сурати бўлиб, у тўкин-сочинлик, фаровонлик рамзи ҳисобланган.

Отнинг тақаси – отларга тақа қоқиш қадимдан одат бўлган. Тақалар отларнинг тyёғини емирилишдан, бирон нарсанинг кириб қолишидан сақлайди. Шунингдек, ўта текис майдонларда отларнинг сирпаниб кетишининг олдини олади. Отлар тақасини ясаш ва қоқиш билан махсус темирчилар шyғyллaнишгaн. Шундай усталар Олтиариқ туманида ҳам бўлган. Хусусан, Полосон қишлоғининг Қувурбоши маҳалласида яшовчи темирчи Аҳмадали Буронов отларга тақа қоқиш билан шyғyллaнгaн. Ҳовлисида темирчилик устахонаси бўлган. Унинг олдига ён-атрофдаги қишлоқлардан ташқари Хонқиз, Чимён, Риштон томонлардан ҳам мижозлар келишган. А.Буроновнинг касбини Абдухолиқ Аҳмадалиев давом этдирди. У ҳам отасидек моҳир уста темирчи эди. Ҳозирги кунда Абдухолиқ отанинг ўғли  Юрсинали Аҳмадалиев темирчилик билан шуғулланиб, бошқа буюмлар билан бирга отлар тақасини ясаш ва қоқиш билан ҳам шуғулланб келмоқда. Умуман отларни эъзозлаш халқимизнинг қадим одатларидандир. Чунки халқимиз бу жониворни муродбахш деб ҳисоблаб, уни ўзига дўст тутган.

Арава ғилдираги. Ўтган асрнинг 20-йилларида отаравалар асосий транспорт воситаси бўлган. От аравалардан Олтиариқ туманида ҳам кенг фойдаланилган. 1970 йилларга қадар ҳам кўп хонадонларда от ва эшаклар билан бирга аравалар мавжуд эди. Табиийки, отарава ясайдиган ва таъмирлайдиган усталарга ҳам эҳтиёж бор эди. Жумладан, Чинортаги маҳалласида яшаган Омонбой Раҳимов ана шундай арава ясайдиган, таъмирлайдиган усталардан бири эди. Ҳозирги кунда унинг авлодларидан баъзилари отарава ясамасалар ҳам иморат устасидирлар.

Музейда 2 хил арава ғилдираги сақланади. Бири оддий араванинг, иккинчиси Қўқон араванинг ғилдирагидир. Қўқон арава ғилдираги оддий араваларникига Қараганда бир ярим икки баравар катта бўлган. Афзал томонларидан бири шундаки, бундай ғилдирак чуқурликларга тушиб кетмаган, сойлардан ҳам осонроқ ўтган. Кексаларнинг айтишига қараганда, араваларнинг ғилдираги чинор ва шунга ўхшаган танаси қаттиқ дарахтлардан тайёрланган. Ҳозирги кунда Олтиариқ тумани ҳудудида бундай арава ва ғилдираклардан деярли фойдаланилмайди. Чунки ҳозирда Олтиариқ йўлларида бутун Ўзбекистонда бўлгани сингари мустақил Ватанимизда ишлаб чиқарилган 17 хил моделдаги автоуловлар халқнинг хизматида.

Ёғоч товоқ ва ёғоч кўза бундай анжомларни ясаш қадимдан мавжуд бўлган. Ўрта Осиё ҳудудида ўтган асрнинг 60-йилларига қадар ошхона анжомларининг айримлари ёғочдан ясалар эди. Хусусан, чўмич, қозон қопқоғи ва бошқалар ёғочдан ясалган. Музейда сақланаётган мазкур ёғоч товоқ ва ёғoч кўза сувенир сифатида ясалган. Уларнинг Полосон қишлоғида яшовчи уста Илҳом Абдураҳмонов ясаган. И.Абдураҳмонов полосонлик уста Ҳакимнинг шогирдларидан биридир.

Музейда ёғоч товоқнинг яна бир тури сақланади. У ташқаридан қараганда устма-уст тахланган иккита товоққа ўхшайди. У Оқбуйрадаги хонадонлардан биридан келтирилган бўлиб, ясалганига 100 йилдан кўп вақт бўлган.

Моддий ва маънавий меросларимиз бизнинг нақадар буюк миллат эканлигимиздан далолат беради. Ўтмишдаги фойдаланилган турмуш анжомларида акс этган бадиий кўринишлар, табиат манзаралари ва бошка элементлар тарихда аждодларимиз нақадар тадбиркор, уддабурон, ақлли ва ҳушёр булганликларини намоён этади.

You must be logged in to post a comment Login