РАҚОБАТБАРДОШ МАҲСУЛОТЛАР, ХИЗМАТЛАР КАФОЛАТИ

MQM_8488

Мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида Юртбошимиз иқтисодиётимиз таркибидаги чуқур ўзгаришлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳажмини барқарор ошириш ва унинг таркибида ижобий ўзгаришларга эришишда энг муҳим омилга айланганлигини таъкидлаган эди.

Халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш – маҳсулотлар ва хизматларни ички ва ташқи бозордаги рақобатбардошлиги, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишнинг асосий шартидир. Шу боис ҳукуматимиз томонидан корхона ва ташкилотларга халқаро стандартлар талаблари асосида сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни рағбатлантириш борасида имконият, имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2012 йил 26 мартдаги “Экспорт билан шуғулланувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотлар экспортини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ана шундай муҳим ҳужжатлардан биридир. Унда экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт, лаборатория тадқиқотларида ва маҳсулотларни тестдан ўтказишда фойдаланадиган асбоб-ускуналар олиб кирилганда уларни бож тўлови ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш, корхонанинг фойда солиғини ҳисобашда юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган инвестициялар суммасига камайтирилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июндаги “Республика корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг экспорт салоҳиятини кўпайтириш, халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этган корхоналарга қатор имтиёзлар белгиланганлигини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Қарорда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот харид қилиш юзасидан тендер савдолари ўтказишда юзага келган тенг шарт-шароитларда устунлик сифатли бошқаришни сертификатлаштирган маҳсулот етказиб берувчига берилиши белгиланган.

“Фарғона синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси сифат менежменти тизимини жорий этиш бўлими корхона ва ташкилотларга ИСО 9000 серияли – ИСО 9001:2008, ИСО 22002:2005, ОНSAS 18001:2007 халқаро стандарти талаблари асосида амалий ва маслаҳат хизматларни кўрсатиб келмоқда. Сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишда маслаҳат бериш, сертификациядан ўтган корхона ва ташкилотларда ҳамда аккредитациядан ўтган сертификатлаш идоралари ва синов лабораторияларда ички аудитларни ўтказишда ёрдамлашиш, фаолият йўналишлари бўйича ўзбек ва рус тилида конференциялар, семинарлар, ўқув курсларини ўтказиш – фаолиятимизнинг муҳим жиҳати саналади.

Ҳукуматимиз томонидан бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда 2004-2013 йиллар давомида корхоналарда сифат тизимларини жорий этишга қаратилган қарорлар ижроси юзасидан 41 та корхона сертификатланди. Бўлимимиз томонидан ўтган йилда сифат тизимларини жорий этиш бўйича 13 та корхона билан, қарийб 41 миллион сўмликдан зиёд иш бажарилди. Сифат менежменти тизимлари сертификатлаштирилган “Зулфизар текс”, “Чимён Форум” МЧЖ, “Фарғона ёғ-мой” ОАЖ каби корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар салмоғи ва экспорт хажми ортиб бораётгани қувонарлидир.

Бугунги кунда тармоқ жадвалига киритилган корхоналарда сифат тизимларини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги тизимида биринчилардан бўлиб Марказимизда сифат менеджменти тизими жорий қилиниб, 2007 йил 14 ноябрь куни Россия Федерациясининг халқаро “Русский Регистр” сертификатлаштириш Ассоциацияси ҳамда халқаро 37 та сертификатлаштириш идоралар фаолиятини такомиллаштирувчи “AQNet” сертификатлаш тармоғининг СМТ ISO 9001:2008 халқаро стандартига мувофиқлик сертификатларини қўлга киритилди.

Б.ҚОСИМОВ, 
“Фарғона синов ва сертификатлаштириш Маркази”
давлат корхонаси сифатни бошқариш тизимларини жорий қилиш бўлими бошлиғи. 
Ш.АСЛОНОВ,
журналист.

You must be logged in to post a comment Login