КАРАТЭЧИ ҚИЗНИНГ БАЙРАМГА ТУҲФАСИ

111

Данғара туманининг Чамоч қишлоғилик Эргашевлар оиласи бошлиғи Дилшоджон ишдан бўш пайтларида футбол билан шуғулланади. Аёли Муборакхон эса маҳалла аёлларидан тузилган волейбол жамоасининг фаол аъзоси. Ота-оналарнинг спортга бўлган меҳри фарзандларига ҳам кўчди. Оиланинг тўнғич фарзанди Бунёджон бокс, Севарахон шарқ якка кураши, Сурайёхон дзюдо билан ошно тутинишган.

Юртбошимизнинг  республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик Кенгаши йиғилишида  қизларни спортга кўпроқ жалб этиш масаласига алоҳида тўхталдилар. Соғлом она-соғлом бола, қоидасида жисмонан соғлом қизларгина келажакда соғлом фарзанд дунёга келтиришлиги, қизлар спортига катта эътибор қаратиш , шу билан  спорт билан шуғулланган қизлар бўй-басти келишган, қомати тик, чиройли бўлиб вояга етишларини  қайта-қайта таъкидладилар. Эргашевлар оиласида ҳам қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб беришган. Шу боис улар эришган ютуқлар салмоқли.

Айниқса, 5-синфдан буён спортнинг мураккаб турларидан ҳисобланган таэквондо, каратэ, қўл жанги йўналишларида шуғулланиб келаётган Севара Меҳмоналиеванинг эришган натижалари эътирофга лойиқ. У кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, турли даражадаги 17 та медални қўлга киритди. 2011 йилда Руминияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги ашихаракаратэ бўйича жаҳон биринчилиги иштирокчиси. Ўша йили каратэ бўйича мамлакат чемпиони бўлди.

Ўтган йилнинг апрель ойида Фарғонада ўтказилган Ўзбекистон очиқ биринчилигида 16-17 ёшли қизлар ўртасида биринчи ўринни қўлга киритди. Март ойида ўтказилган вилоят биринчилигида ғолиблик шохсупасига кўтарилди. 2014 йил– Соғлом бола йили Севара учун омадли бошланди. У қўл жанги бўйича Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон очиқ биринчилигида 2-ўринни эгаллади.

Ёш, келажаги порлоқ қиз айни кунда Қўқон педагогика коллежининг жисмоний тарбия йўналишида сабоқ олиш билан бирга мураббийси Содиржон Тешабоевдан  қўл жангининг сир-асрорларини ўрганиб, мусобақаларга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Унинг нияти халқаро майдонларда юртимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб, байроғимизни баланд кўтаришдан иборат.

You must be logged in to post a comment Login