“ФАРҒОНА ТАРИХИГА ОИД МАЪЛУОТЛАР”

112

Фарғона Давлат университети ахборот ресурс маркази ўқув залида  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Аблат Хўжаевнинг “Фарғона тарихига оид маълумотлар” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тарихчи ва хитойшунос олим, 9 монография ҳамда 230 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи. А.Хўжаев Марказий  Осиё ва Хитой муносабатлари, Буюк ипак йўли  тарихи, Марказий Осиё халқларининг этник келиб чиқиши, қадимги Хитой манбаларини ўзбек тилига таржима қилиш каби йўналишларида илмий тадқиқот олиб боради.

“Фарғона тарихига оид маълумотлар” китобида милоддан аввалги 2- милодий ХП асрлар оралиғида ёзилган сулолалар тарихи, айрим мавзуларга бағишланган тарихий асарлар ва сафарномалар каби хитой манбаларидаги қадимий Фарғона тарихига оид маълумотларнинг ўзбек тилидаги  илмий таржимаси ва бир қатор топоним ҳамда этнонимларга батафсил ёзилган шарҳлар келтирилган.

Китоб Ўзбекистон тарихининг манба асосини бойитишда муҳим илмий аҳамият касб этади. Китоб соҳа мутахассислари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари, талабалари, шунингдек, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Мазкур китоб “Фарғона” нашриётида 2013 йилда чоп этилган.

Илмий семинарда ЎзР ФА  академиги А.Асқаров “Фарғона тарихига оид маълумотлар” китобида энг қадимги туркий қабилаларга оид маълумотлар таҳлили”, ЎзР ФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, профессор Д.Юсупованинг “Фарғона тарихига оид маълумотлар” китоби Марказий Осиё халқлари тарихига оид муҳим манба сифатида”, Андижон машинасозлик институти профессори У.Абдуллаевнинг “Китобда этник атамаларнинг акс этиши” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Шунингдек,  ФарДУ тарих кафедраси профессори М.Исомиддинов, ЎзР ФА археология институти катта илмий ходими А.Анорбоев, ФарДУ тарих кафедраси доценти Р.Арслонзода ва бошқалар  А.Хўжаевнинг мазкур китоби тарихчи олимлар, археологлар,  илмий ходимлар ва талабалар учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга эканлиги хусусида гапирдилар.

You must be logged in to post a comment Login