НАВРЎЗ ҲАМИША НАВҚИРОН ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

MQM_7761

MQM_7388SHQ_9858

Наврўз барча-барчамиз учун қадимдан, аввало, табиат уйғониши, шарқона янги йил дебочаси, миллий-маънавий қадриятларимизнинг узвий қисмига айланиб қолган суюкли байрам сифатида азиз ва мўътабардир.

Дилбар фасл – баҳорнинг илк кунларида офтоб чарақлаб, еру кўкка ҳаётбахш нурларини тарата бошлаганида ўзимизни янгитдан туғилгандек ҳис қиламиз, қалбларимиз эзгу ниятларга тўлади, бутун вужудимизда янги куч-ғайрат жўш ургандек бўлади.

Наврўз гўзаллик ва поклик тимсоли, унда ҳамиша навқирон ҳаётнинг боқий қўшиғи! Кўкламга интиқ дилларнинг оламга сиғмаган қувончи мужассам бу байрамда. Наврўз қишдан толиққан табиатнинг, қишдан зериккан дилларнинг бошида кулган қуёшдек табаррук ва тотли. У илк бойчечак, бинафша, ялпиз, қир-адирдаги лола, лолақизғалдоқ, уйимиз айвонидаги қалдирғоч, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган далаларимизда учиб юрган лайлаклар – ҳис-ҳаяжонини қалбимизга жойлайди. Кўкламнинг кўрки бўлган Наврўзи айёмнинг бизга шодликлар улашувчи бетакрор фазилатлари ҳадсиздир.

Кеча Фарғона шаҳридаги «Ёшлар маданият ва спорт маркази»да вилоятимизнинг Наврўзга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Чиройли чеҳралар саҳнани безаган турфа ва анвойи гуллардан ранг олгандек, гўё. Навқирон нигоҳларда баҳорий муҳаббат гул бўлиб очилади. Самимий кулгу, беғараз меҳр, ўзаро ҳурмат ва илтифотдан кўз қувнайди.

Тантаналарда давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган фидойи ҳамюртларимиз, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, фан, адабиёт ва санъат намоёндалари, ёшлар, туман-шаҳарлардан ташриф буюрган фаоллар, хорижлик меҳмонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишган. Ранг-баранг саҳна безаклари, сувнинг мусиқий оҳангда жилдираб оқиши, бир-биридан жозибали ва тароватли манзаралар йиғилганларга олам-олам завқ улашади.

Соат 15.00. Чорлов мусиқаси янграб, барчанинг эътибори саҳна марказига қаратилди. Байрам тантаналарини очиб бериш учун сўз вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевга берилди.

– Наврўз халқимизнинг энг қадимий, энг севимли байрами. Бу байрам шарқона янги йилнинг бошланиши, серҳосиллик ва қут-барака рамзидир, – деди ўз табригида шодиёнага йиғилганлар ва уларнинг тимсолида барча юртдошларимизни қутлаган вилоятимиз раҳбари. – Наврўзнинг покиза ғоялари инсонда яхшилик, аҳиллик ва бирдамлик, шукроналик туйғуларини мустаҳкамлаб эртанги кунга умид, аниқ мақсад ва катта ишонч билан ҳаёт кечиришга, меҳнат қилишга ундайди. Ҳар қандай одам қалбига эзгу ва ёруғ ниятларни улашади.

Бу йил ҳам Наврўз вилоятимизда яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳиятини намоён этган ҳолда кутиб олинмоқда. Байрам арафасида умумхалқ ҳашарлари уюштирилди. Шаҳар ва қишлоқларимизда, маҳалла ҳамда гузарларда, хонадонлар ва зиёратгоҳларда улкан ҳажмда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Вилоятимиз аҳли томонидан бундай эзгу ташаббуслар, хайрли юмушлар айни кунларда ҳам якдиллик билан давом эттирилаётир.

Айниқса, бу йилги байрамнинг «Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!» деган эзгу шиор остида ўтказилаётганлиги эртанги кунга умидимиз ва ишончимизни кучайтиради. Улуғ айём нашидасини суриб, янги орзу-мақсадлар билан яшаш, улуғвор ишларни амалга оширишга ундайди. «Соғлом бола йили» деб ном олган жорий йилда ҳам кўзлаган барча мақсадларимизга эришамиз, деган қатъий ишонч кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади.

«Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!» деб номланган байрам томошаси кўкда кулиб турган қуёшдек кўтаринки руҳда, миллий ўзига хослигимиз ва қадриабад анъаналаримизни ўзаро муштарак этган ҳолда бошланди. Байрам тантаналарининг безаги бўлган карнай-сурнай ва доира садолари барча-барчага хушнудлик бағишлади. Баҳорой, Наврўзойлар ҳамроҳлигида саҳнага чиқиб келган санъаткорлар, фольклор гуруҳлари, болажонларнинг шўх-шодон рақслари, ўлану лапарлари, қўшиқлари томошабинларга роҳатбахш онларни ҳадя этди. Байрам шодиёналари давомида  қўғирчоқ ўйинлари, мақомлар ва алёрлар ижроси, ёр-ёрлар садоси, миллий ва замонавий либослар намойиши аския-пайров,  миллий куй-қўшиқ ва рақсларимиз жаҳон санъати дурдоналари билан уйғунлашиб, иштирокчиларни шодон даврага чорлади. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар, ёш ижрочилар, эстрада юлдузларининг чиқишлари байрамона кайфият аъло даражада бўлишини таъминлади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мириқиб ҳордиқ чиқараётган, байрамни нишонлаётган баъзи ҳамюртларимиз билан суҳбатлашдик.

– Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳар бир шаҳар-туман, оила, инсон мисолида яққол намоён бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Комилжон Мамажонов. – Бу меҳнат қилган элда азиз эканлигидан далолат беради. Инсон қадр-қиммати юксак қадрланган юртда эса ютуқлар бардавом бўлади. Бу йил 83 гектар майдондаги пахтадан 40-42 центнер, 63 гектар майдондаги бу-дойдан 70 центнердан ҳосил олишни ният қилиб турибман. Ҳосилимиз мўл бўлса, юртимиз янада фаровон бўлади. Халқимизнинг ардоқли байрами юртимизга тўкин-сочинлик, хонадонларимизга қут-барака олиб келишига тилакдошман.

Бугун юртимизда Наврўз руҳи кезиб юрибди. Энг севимли байрам вилоятимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланаяпти. Янгиланиш ва меҳр-оқибат байрами бизни гўзалликка ошуфта этади, бизни эзгу ишларга бошлайди.

Наврўз олам уйғонувчи фаслнинг орзу-мақсадларимизни уйғотувчи қўшиғидир!                     

You must be logged in to post a comment Login