ҲАР ГЎШАДА НАВРЎЗ ШУКУҲИ

SHQ_0828

СЎХ.

Покланиш ва ёшариш айёми Наврўзи олам Сўх туманида ҳам катта шодиёналар билан ўтказилди. Туман амфитеатрида бўлиб ўтган Наврўз байрамига таниқли санъаткорлар жалб этилди.

Тадбир аввалида сўз олганлар, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган  имкониятлар, чекка қишлоқларда кичик корхоналарнинг ташкил этилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди. Айниқса, ҳаёт остонасига энди қадам қўяётган ёшларнинг касб‑ҳунар эгаллашлари ва иш билан таъминланишлари энг муҳим масала эканлиги таъкидланди. 

Шунингдек, тадбир давомида туманнинг иқтидорли қизларига байрам совғалари – тикув машиналари тантанали тарзда топширилди.

Наврўз меҳр-мурувват ва хайр-саховат айёмидир. Шу сабаб, байрам кунлари  Сўхда ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

Наврўзи олам сўхликларни бунёдкорлик, яратиш, янгиланиш каби эзгу ишларга чорлагани айни ҳақиқат. Туманнинг барча гўшаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари буни кўрсатиб турибди.

* * *

ЧЎНҒАРА.

Риштон  туманининг Чўнғара қишлоғида ҳам байрам ўзига хос тарзда нишонланди. Бу ерда ўзбек ва қирғизлар бир-бирлари билан қўни-қўшни, қариндош-уруғ бўлиб,  тинч ва тотув ҳаёт кечириб келишмоқда. Бир пиёла чой устида ҳамқишлоқлар байрам кайфиятида  диллашиб ўтирдилар. Шу куни довруғи оламни тутган Чўнғара гуручида ош дамланди. Отахон-онахонлар дуога қўл очиб, эзгу тилаклар билдиришди.

Наврўз байрами муносабати билан безатилган саҳнада элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг баҳор, тинчлик тўғрисидаги куй-қўшиқлари авжига чиқди. Тўйга тўёна деганларидек, вилоят ҳокимлиги, вилоят маънавият тарғибот маркази томонидан келтирилган байрам совғалари чўнғараликларга топширилди.

Байрам кунлари ёши улуғ кексалар ҳолидан хабар олиш  ҳалқимизнинг азалий удумларидан бири. Чўнғаралик Салоҳиддин ота Мамадалиев бу йил  юзинчи баҳорни қарши олди. Айём муносабати билан отахон совға- саломлар билан йўқланди.

– Албатта, ҳар қандай эзгу ишнинг замирида юртдаги тинчлик, хотиржамлик мужассамдир, – дейди меҳнат фахрийси Ҳайдарбой Йўлдошев. – Бугун Чўнғарада бошланажак дехқончилигимиз самарали бўлишига тилак билдирилди. Наврўзи олам  кўтаринкилик билан нишонланди.

*  *  *

ШОҲИМАРДОН.

Шоҳимардон қишлоғи марказида ташкил этилган байрам тадбирида Наврўзнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида сўз борди. Шунингдек, чегара ҳудудда истиқомат қилаётган юртдошларимиз доимо давлатимиз диққат эътиборида эканлигига тўхталиб, Наврўзи олам билан барча муборакбод этилди.

Шу куни топширилган байрам совғалари шоҳимардонликлар кўнглини кўтариб юборди.

Шоҳимардонда ўтказилган Наврўз айёми меҳр-оқибат, урф-одатлар ва анъаналар, тўкин-сочинлик намойишига айланди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқларда, лапару ёр-ёрларда ва кексалар дуосида ўлмас қадриятларимиз ҳамда бугунги тинч кунларга шукроналик мужассам топди.

Сўлим табиатини хамиша кўз-кўз қилиб келган Шоҳимардон қишлоғида байрам тадбирида намойиш этилган турли чиқишлар, мусобақаларда  қишлоқ қизларининг спортга бўлган қизиқишлари намоён бўлди.

You must be logged in to post a comment Login