ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК РИВОЖЛАНМОҚДА

12

Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси республика тизимидаги энг йирик ва салоҳиятли ташкилотлардан биридир. Уюшма аъзолари мустақил юртимизда асаларичиликни ривожлантириш, бу соҳани иқтисодиётнинг сердаромад ва истиқболли тармоғига айлантириш вазифасини бажаришда бошқа вилоятлардаги ҳамкасбларига ибрат кўрсатиб келмоқдалар.

Фарғоналиклар кейинги йилларда асаларидан мўл маҳсулот олиш билан бирга, унинг чидамли, сермаҳсул, истиқболли наслини яратиш, хориждаги асаларичилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

2013 йилда Қозоғистонга 20081 та, Россияга 5476 та зотли асаларилар оиласи жамғарилган пакетлар, 500 пакетдан ортиқ зотдор она арилар жўнатилди. Мамлакатимиздаги асаларичиларга 20 мингта ари пакетлари етказиб берилди. Йил давомида 707 тоннадан ортиқ сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан асаларичиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шу соҳага ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ташкил этиш, уларга ер, ўғит ва техника ажратиш, илғорларни рағбатлантириш тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Вилоят бўйича бугунги кунда 881 та асаларичилик субъектлари, 822 та шахсий ва деҳқон хўжаликлари ишлаб турибди. Асаларичиликка йўналтирилган фермер хўжаликлари сони 55 тадан ошиб кетди. Улар қарийб 76 гектар ер майдонидан фойдаланмоқдалар. Бу йили кўп тармоқли фермер хўжаликларини 20 тага кўпайтириш ва 7 та шахсий хўжаликлар ташкил этиш режалаштирилган.

Бу соҳага берилаётган эътибор ва ёрдамлар натижасида асаларидан маҳсулот олиш миқдори кўпайиши билан бирга асаларилар ёрдамида пахта ва бошқа экинларни чанглатиш тадбирлари ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.

– Вилоятимизнинг асаларичиликдаги довруғини республикамиз ва хорижий давлатларга ёйишда бу соҳада баракали меҳнат қилиб келаётган касбдошларимизнинг хизматлари катта, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раисининг ўринбосари Каримжон Мирзааҳмедов. – Бундан 3-4 йил илгари 11 нафар фарғоналик асаларичилар уюшма раиси, биология фанлари номзоди Шерали Суярқулов раҳбарлигида Америка Қўшма Штатларига бориб, тажриба ўрганиб келган эдилар. 2013 йил декабрь ойида уюшмамизнинг 10 нафар аъзоси Исроил давлатига ташриф буюриб, ўзаро тажриба алмашиб келдилар.

Қувасойнинг Пакана қишлоғида яшовчи Ғанижон Юлдашев вилоятимизнинг энг тажрибали асаларичиларидан. Ўтган йиллар мобайнида у касбининг нозик ва мураккаб сирларини пухта ўрганиб, асаларидан мўл ҳосил олувчи, зотдор она асалариларни кўпайтириб хориж бозорида сотувчи малакали мутахассис даражасига кўтарилди. 2006 йилда “Толибжон Ғанижон Асаларичи” фермер хўжалигини ташкил этиб, 200 та асалари оиласи билан иш бошлаган фермер ихтиёрида ҳозир 650 та наслли асаларилар оиласи бор.

Тўртта ўғил ва неваларини ёнига олиб фермер хўжалигида зотдор асаларилар етиштиришни ривожлантираётган ёрмозорлик Бахтиёр Парпиев, Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги ҳамкасбларига ҳар йили Карпат зотли она арилар етказиб бераётган қиргулилик Виктор Рац ҳам ўз соҳасининг жонкуяр мутахассиси ҳисобланади. Йил якуни бўйича Ахмадали Ёқубов, Акмал Ахмаджонов, Абдулазиз Абдуқундузов, Муродил Жўрабоев, Адҳам Тўхтасинов, Нуриддин Аҳмедов, Одилжон Худойқуловлар ҳам энг яхши асаларичи деб топилиб, улар тажрибасини кенг оммалаштиришга қарор қилинди.

– Меҳнатлари юксак баҳоланиб, эркин фаолият юритишларига қулай шарт-шароит яратиб берилаётганлигидан асаларичиларимиз жуда-жуда миннатдор, – дейди Шерали Суярқулов. – Ўтган йили фарғоналик касбдошларимиз билан Тошкентда ва Киевда ташкил этилган кўргазма, тадбир ва асал байрамларида қатнашиб, соҳамизга кириб келаётган янги тажриба ва технологияларни ўрганиб қайтдик. 2014 йилда бу тажрибаларни ишимизда кенг қўллаш билан бирга ёшларимизни асаларичиликка кенг жалб қилиш, уларнинг малака ва маҳоратларини ошириш дастурини ишлаб чиқдик. Бу соҳада ишлашга иштиёқманд ёшлардан бир гуруҳини Польша, Исроил, Танзания ва Жанубий Корея давлатларида ташкил этилаётган ўқув машғулотлари ва тажриба алмашиш курсларига жўнатмоқчимиз. Мақсадимиз вилоятимизда асаларичиликни янада ривожлантириш, аҳолининг шифобахш маҳсулот – асалга бўлган талаб ва эҳтиёжини тўла қондириш ишига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.

You must be logged in to post a comment Login