САЛОҲИЯТЛИ МУТАХАССИСЛАР — КЕЛАЖАГИМИЗ

9

Фарғона политехника институти мамлакатимиз халқ хўжалигига етук мутахассисларни тайёрлаб бераётган олий таълим масканидир. Бу ерда меҳнатсеварлик ва ташаббускорликни қадрловчи, улуғвор мақсадларни кўзлаб олдинга интилувчи ўзига хос анъана вужудга келган.

Институтнинг бугунги кундаги обрў-эътибори, салоҳияти, республика олий ўқув юртлари сафидаги шахдам одимлари, ўқув-тарбия жараёнида эришаётган ютуқлари сири анъанавий соғлом муҳитга боғлиқ бўлса ажаб эмас.

Институтимизда таълим сифатини кўтариш, маънавий-маърифий тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш, ёшларимизнинг онгига миллий ғояни сингдириш, мамлакатимизда сиёсий, маънавий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириб бориш каби йўналишларда аниқ тадбирлар белгиланган.

Институтнинг илмий-тадқиқот фаолияти мамлакатимизнинг устувор илмий шакллантирилган 7 та илмий-тадқиқот йўналишларида олиб борилмоқда. Уларда Фарғона водийсидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг, машинасозлик, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати, агросаноат комплекси, автотранспорт, қурилиш, энергетика, телекоммуникация ва таълим соҳаларининг долзарб муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Институтда кўп йиллардан бери илм-фан билан жиддий шуғулланиб, ўз ихтисослиги бўйича ўзига хос “илмий мактаб” яратган кўплаб олимларимиз ёшларни илмий фаолиятига тортиш, улардаги яширин имкониятларни ривожлантириш билан жиддий шуғулланмоқдалар. Айниқса, илмий фаолиятга иқтидорли талабаларни, магистрантлар ҳамда истеъдодли ёшларни кенг жалб этиш бўйича ишлар ривожлантирилмокда.

Олиб борилаёттан илмий тадқиқот ишлари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник янгилаш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, энергияни тежаш, энергиянинг ноанъанавий манбааларини тадқиқ қилиш, четдан олинадиган маҳсулотлар ўрнига маҳаллий маҳсулот ва материалларидан фойдаланиш усулларини яратиш, маҳсулот сарфини камайтириш ва чиқиндисиз технологияларни жорий этиш каби муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилмоқда.
Жумладан, ўтган 2013 йилда фақат “Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш” қўмитаси илмий-техника дастурлари доирасида 3 та амалий, 1 та махсус фундаментал ва 2 та инновацион йўналишда илмий-тадқиқот ишлари бажарилган. Ушбу йўналишлардаги барча илмий-тадқиқот ишларида институтимиз талабалари фаол қатнашиб келмоқдалар.

Ўқишда, илмий-тадқиқот ишларида энг фаол талабаларимиздан Механика факультети талабаси Нуриддин Обидов ва Энергетика факультети талабаси Аброр Отабоев 2013-2014 ўқув йилида Беруний номли Давлат стипендияси совриндори бўлишди. Республика фан олимпиадасининг 2013 йилдаги II-босқичида институтимиздан 20 та жамоа қатнашиб, улардан Қурилиш факультети талабаси Муродил Мадалиев 1-ўринни, Энергетика факультети талабаси Абдувоҳид Абдуллаев 2-ўринни эгалладилар.

Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида институтда олий таълим муассасалари “Асбобсозлик ва назорат ўлчов асбоблари” илмий лабораторияси ташкил этилмоқда. Мазкур илмий лабораторияга 2 млн. 27 минг АҚШ доллари ҳисобида замонавий тадқиқот жиҳозлари олиб келиш устида иш олиб борилмоқда.

Талаба ёшларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишлари кўламини янада кенгайтириш мақсадида яна 20 та ўқув-илмий лабораториялар олиб келиб ўрнатилади.

Бундай ишлар иқтидорли талаба – магистрант – катта илмий ходим – олий малакали илмий педагогик кадрлар (фан доктори) узлуксиз тизими асосида иқтидорли ёшларни илмий-педагогик фаолиятга кенг жалб этиб боришга хизмат қилади.

2013 йил давомида институтимиз талаба ёшлари 50 дан ортиқ мавзу бўйича амалий ва инновацион соҳаларда олиб борилган илмий-тадқиқот ишларида иштирок этдилар.

Бугунги кунда талаба ёшларимиз “Машина деталларига механик ишлов бериш жараёнини ўлчаш ва назорат қилишнинг янги усул ва воситаларини яратиш асосида юқори унумдорли технологияларни ишлаб чиқиш”, “Атмосферада тўпланган углеводородларнинг портлашга хавфли концентрациясини масофадан назорат қилувчи оптоэлектрон қурилма яратиш ва тадқиқ қилиш”, “Саноат корхоналарининг технологик жараёнларини иссиқлик билан таъминловчи комбинациялашган қуёш энергетик қурилмасини яратиш” каби мавзуларда илмий тадқиқот ишларини бажаришда ўз устозларига ёрдам бермоқдалар.

Институтда талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этилиши, улар учун кенг ва қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, яхши натижалар учун рағбатлантириш тизимининг йўлга қўйилганлиги талабаларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш, бўш вақтни хайрли, фойдали машғулотлар билан банд этиш юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим омиллардан бирига айланади.

You must be logged in to post a comment Login