ТАДБИРКОРЛИК МАСКАНИ

5Ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунида маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тизимидаги вазифаларни янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда маҳаллаларимизда оилавий бизнес, тадбиркорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу борада аҳоли учун етарли имтиёз ва имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратилиб, янги ишчи ўринлари ташкил этилмоқда. Ёзёвон туманидаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бу борада бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда маҳаллада 2795 нафар аҳоли истиқомат қилиб келаётган бўлса, уларнинг кўпчилиги оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик, фермерлик соҳаларида фаолият кўрсатиб, фаровон турмуш сари интилмоқда.

Шоҳистахон Мамадалиева тикувчилик соҳасида кичик бир корхонани ташкил этган. Ҳозирда ушбу корхонада маҳалланинг 20 нафарга яқин хотин-қизлари иш билан таъминланди. –Аёлнинг бахти аввало унинг мустаҳкам саломатлиги, шунингдек, гулдек ҳунаридадир, –дейди корхона ишчиси Хадичахон Қодирова. –Чунки ҳунари бор инсон ҳеч қачон камчилик билмайди, ҳалол меҳнати билан жамиятга ҳам оилага ҳам фойда келтиради. Ҳозирда корхонада мавсумий либосларни яратиб, қўлимиздан келганча қишлоқдошларимиз корига яраётганимиздан ҳурсандмиз.
Ҳақиқатдан ҳам бугун туман қишлоқлари ва маҳалларида бўлсангиз, аҳоли бандлигини таъминлаш, ободончилик, бунёдкорлик борасида бажарилаётган эзгу ишларга гувоҳ бўласиз. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш ва бу йўналишда қатор қулайликларни яратиш, оилаларга тадбиркорлик, қасаначиликни олиб кириш, оналар ва болаларнинг саломатлигини муҳофазалаш борасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, маънавият тарғибот маркази туман бўлими, маҳалла хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида муҳим вазифалар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда.

Биргина аёлларни касаначиликка қамраш бўйича вилоятдаги йирик саноат корхоналари,хусусий тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузилиб, уйда бўш ўтирган аёллар жалб этилмоқда. –Ўтган йили “Иброҳимжон гиламлари” корхонасига касаначилик асосида ишга қабул қилиндим,–дейди биз билан суҳбатда Мукаррамхон Мўйдинова. – Қувонарлиси, уйда ўтириб ишласакда, биз касаначи бўлган корхонада номимизга алоҳида меҳнат дафтарчаси юритилар экан. Аёллар учун, уларнинг манфаатлари йўлида яратиб берилаётган бу каби имтиёз ва имкониятлардан фахрга тўлмай, қувонмай бўладими.

Кўнгли ободнинг – эли обод дейди доно халқимиз. Бугун ободликни кўнгил амрига,ҳаётининг мазмунига айлантирган юртдошларимиз ҳалол ва фидокорона меҳнатлар билан юрт истиқболига муносиб улуш қўшиб бошқаларга ибрат намунасини кўрсатиб яшамоқда. Қайси касбдан қатъий назар тўғрилик, ишбилармонлик, эзгу саъй ҳаракатлар ортидан пировард натижаларга эришилмоқда. Хусусан, буни ҳонадон томорқасидан омилкорлик билан фойдаланиш истиқболларидан ҳам яққол кўриш мумкин. “Наврўз” маҳалласида яшовчи Абдулатиф Саидов ҳам ер билан тиллашиб,ўз машаққатли меҳнатлари эвазига кутилганиданда зиёд натижаларга эришиб келаётир. Абдулатиф ака икки ўғлини ёнига олиб,12 сотихли ҳонадонининг 4 сотихида иссиқхона барпо этди ва айни пайтда 19 тупдан зиёд лимон парвариши билан шуғулланиб келмоқда. –Яратганга шукурки, қилаётган меҳнатларимиз йил бўйи ўз самараларини кўрсатиб лимоннинг ўзидан 5-6 миллион соф даромадга эга бўляпмиз. Ундан ташқари мўжазгина боғимиздаги мевали дарахтлар,сабзовот маҳсулотлари, зиравор кўкатлар парвариши ҳам меҳнатга яраша ўз рағбатини кўрсатмоқда. Инсон қачонки астойдил ҳаракат қилса, меҳнатдан қочмаса ҳар қандай қийинчиликларни ҳам мардонавор енгиб, туганмас бахту саодатга эришишига амин бўлаяпмиз.

Истиқлолимизнинг мунаввар тонглари отиб, халқимиз шоду ҳуррам кунлар завқидан баҳра олмоқда. Қаерга борманг, минг бир ўзгариш, янгиланиш, бунёдкорлик ишлари устидан чиқасиз. Кенг ва равон йўллар, замонавий иншоотлар, энг чекка қишлоқларда ҳам бунёд этилаётган кўркам уйлар, маиший объектлар, янги ишчи ўринлари ҳуллас барча қулайликлар шу ватанда яшаётган халқимиз, юртдошларимиз манфаатларига хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login